Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ўзбекистон темир йўллари ёшлари 30 июнь – “Ёшлар куни”ни катта тантана билан нишонлашди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
30.06.2021 5875 Yangiliklar

 

2021 йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ёшлар фаолиятига янада катта аҳамият қаратилмоқда, уларнинг интеллектуал билимли, юксак тафаккурли бўлиб улғайишлари учун ҳар томонлама зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон темир йўллари тизимида ҳам иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама шароитлар яратиб бериш орқали интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш, ўз йўналишларида янги ихтироларни кашф этишларига замин яратишга эътибор ортди. Хусусан, ёшлар иштирокида турли кўрик-танловлар, мусобақа ва тадбирларда ўз қобилиятини намоён этган темирйўлчилар Жамият раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда.

30 июн – мамлакатимизда “Ёшлар куни” муносабати билан республикамизнинг барча темир йўл тизимидаги корхоналарда, минтақавий темир йўл узелларида “Ёшлар куни”га бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирларнинг асосийси 29 июнь куни “Анҳор-Локомотив” боғида карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда “Темирйўлчи ёшлар форуми” бўлиб ўтди.

Унда Транспорт вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарлари, тегишли корхона, ташкилот, бошқарма ходимлари ҳамда тизимда фаолият юритаётган фаол темирйўлчи ёшлар, давлат ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

– Ҳурматли темирйўлчи ёшлар! Сизларни “Ёшлар куни” муносабати билан Транспорт вазирлиги раҳбарияти номидан табриклашга ижозат бергайсиз, – деди тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари А.Мирзаев. Транспорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда бугунги ёшларимизнинг, айниқса, сизларнинг ўрнингиз жуда катта, деб айтишим мумкин. Сабаби бугунги кунда транспорт соҳасининг ўзида 50 мингдан ортиқ ёшлар фаолият кўрсатмоқда. Бу транспорт соҳасининг келажаги ёрқинлигини, имкониятлари юқорилигини кўрсатади. Сиз темирйўлчи ёшларни нафақат транспорт соҳасида барчага ўрнак, балки мамлакатимиздаги ёшлар орасида локомотив бўлишингизни тилаб қоламан. Фаолиятингиз давомида соғлиқ, саломатлик ва куч-ғайрат асло тарк этмасин.

Шундан сўнг “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи У.Турсункулов “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг “Ёшлар куни” муносабати билан темирйўлчи ёшларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларда 35000 дан ортиқ ёшларни ўз атрофига бирлаштирган 370 нафар Ёшлар етакчилари фаолият юритмоқда.

Айни кунгача “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида 2021 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси тўлиқ бажариб келинмоқда. Ана шундай вазифалардан бири тизимдаги ёшларни бирлаштириш ва фаоллигини ошириш ҳамда “Ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган “Темирйўлчи ёшлар форуми” доирасида жойларда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини ривожлантириш учун “Мегаталант” шоу-танлови, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ўзаро дўстона муҳитни ривожлантириш учун “Қувноқлар ва зукколар” ҳамда поездлар ҳаракати билан боғлиқ мутахассисликлар ўртасида “Энг яхши ёш темирйўлчи” танловлари ташкил этилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимида самарали фаолият юритаётган истиқболли ёш кадрларни танлаш ҳамда етук раҳбарлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида поездлар ҳаракати билан боғлиқ мутахассисликлар ўртасида “Энг фаол ёш мутахассис” танлови бўлиб ўтди. 35 ёшгача бўлган темирйўлчилар орасида ўтказилган 7 та соҳани қамраб олган ушбу тадбир – ташишларни ташкил этиш, юк ташиш, йўл хўжалиги, локомотивлардан фойдаланиш, вагон хўжалиги, алоқа ва сигналлаштириш, электр таъминоти соҳалари бўйича ўтказилиб, Ёшлар форумида 1-2-3-ўрин соҳиблари Жамият раҳбариятининг "Фахрий ёрлиқ", ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Аҳамиятлиси, танловнинг жойларда бўлиб ўтган саралаш босқичи ғолибларининг барчаси раҳбар кадрлар заҳирасига олинди.

“Ёшлар куни” муносабати билан Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ижтимоий фаол ҳамда “Темирйўлчи ёшлар дафтари”га киритилган, оиласида ногиронлиги бўлган аъзолари бор 10 нафар Ёшлар етакчиси рағбатлантирилди.

Етакчилар Кенгашининг ижтимоий тармоқдаги "Темирйўлчи Ёшлар" расмий телеграм каналида “Ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган “Мен темирйўлчиман!” онлайн фото суратлар танловида 1-2-3-ўринни қўлга киритган иштирокчилар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Тадбир доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимида 2021 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган бир гуруҳ ёшлар етакчилар Кенгаши раислари ҳам ташаккурнома билан рағбатлантирилди.

Форумда жойларда ўтказилган “Мегаталант” шоу-танлови ғолибларининг дастурлари, иқтидорли темирйўлчи ёшлар жамоалари томонидан ҚВЗ танловида чиқишлари ҳамда байрам концерти намойиш этилди. “Мегаталант”, “ҚВЗ” танловининг якуний Республика босқичи ғолиблари ҳам темир йўл тизими раҳбариятининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.