Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ҳаво қатнови тўғрисидаги янги ҳукуматлараро Битимни имзолади

Чоп этиш Саҳифани улашиш
23.10.2024 1046 Yangiliklar

“Ўзавиация” агентлиги директори Тохир Назаров бошчилигидаги Транспорт вазирлиги делегацияси Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтаётган ICАОнинг ҳаво қатнови бўйича музокараларга бағишланган ICAN – 2024 тадбирида иштирок этмоқда.

 

Эслатиб ўтамиз, тадбирда 100 га яқин мамлакатлар ўртасида пандемиядан сўнг авиақатновларни қайта тиклаш ҳамда парвозлар географиясини ошириш, авиация соҳасини мамлакат иқтисодиётининг драйверига айлантириш мақсадида музокаралар олиб борилмоқда. Денгизга чиқиш имконияти чекланган ҳамда узоқ масофаларга йўловчи ташиш бўйича авиация соҳаси ягона транспорт тури сифатида қараладиган Ўзбекистон учун бу улкан имконият.

 

Ўтказилиши режалаштирилган учрашувлар ҳажми ҳамда имзоланиши кутилаётган давлатларо ҳужжатлар аҳамиятини инобатга олган ҳолда делегация таркибига Ташқи ишлар вазирлигидан Шартнома-ҳуқуқ бошқармаси икки томонлама шартномалар бўлими бошлиғи Илҳомжон Абдраимов бириктирилган.

 

Бугунги тадбирда Саудия Арабистони ҳамда Ўзбекистон авиация маъмуриятлари ўртасида авиақатновлар тўғрисидаги янги битим имзоланди. Саудия томонидан мазкур ҳужжатни Саудия Арабистони фуқаро авиацияси маъмурияти президенти Абдулазиз Ал-Дуалеж, Ўзбекистон томонидан “Ўзавиация” агентлиги директори Тоҳир Назаров имзолади.

 

Шу кунга қадар икки мамлакат ўртасида авиақатновлар қисман мунтазам  ва асосан чартер асосида амалга ошириб келинган. Мазкур янги битим икки давлат ўртасида ҳафталик мунтазам авиақатновларни 50 тагача ошириш, Умра зиёрати бўйича юзага келган муаммоларни бартараф этиш, авиақатновларда янги тартибни жорий этиш, авиакомпанияларнинг йўловчилар олдида масъулиятини ошириш, шунингдек, ҳар икки мамлакат авиакомпанияларини чартер парвозларини амалга оширишда тўланиши талаб этиладиган роялти божларидан озод этиш каби янги тартибларни ўз ичига олади.

 

Мазкур битим сўнгги икки йил давомида икки мамлакат Транспорт вазирликлари ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ҳамда транспорт логистикасини, шунингдек, Ўзбекистонда йўлга қўйилаётган “Зиёрат-туризмини” янада ривожлантириш учун хизмат қилади.