Ўзбекистон Республикаси Президенти “Халқаро шартномаларга қўшилиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Хавфли юкларни халқаро йўлларда ташиш тўғрисидаги Европа битимига (Женева, 30 сентябрь 1957 йил) ҳамда мазкур Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Протоколга (Женева, 28 октябрь 1993 йил) қўшилди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги юқорида кўрсатилган халқаро шартномаларни амалга ошириш юзасидан масъул ваколатли органлар этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг мазкур халқаро шартномаларга қўшилиши ҳамда уларни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар ҳақидаги тегишли билдиришномани депозитарийга юборади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартномалар Ўзбекистон Республикаси учун кучга кирганидан кейин Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.
Хавфли юкларни халқаро йўлларда ташиш тўғрисидаги Европа битими 1968 йилнинг 29 январидан кучга кирган бўлиб, 51 мамлакат жумладан Озарбайжони, Белоруссия, Грузия, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркия ва Украина унга аъзодир.
Европа битимининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
- одамлар, ускуналар ва тузилмалар ҳамда атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш;
- хавфли юкларни ортиш, ташиш ва сақлаш вақтида хатарларни мақбул даражагача камайтириш;
- хавфли юклар таснифига кирувчи товарлар билан савдо жараёнларини тезлаштириш ва тартибга солиш.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт Вазирлиги ахборот хизмати