Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик марказий аппарати ҳамда ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимлари иштирок этишди.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан “Она тилим фахрим, ғурурим” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида Тошкент давлат транспорт университети ўзбек тили кафедраси ўқитувчиси Филология фанлари номзоди доцент Ойбиби Искандарова ҳамда Темир йўл транспорти муҳандислиги факультети ўқитувчиси Малика Абдуллаева она тилимизнинг ўзига хослиги, бугунги кунда давлат тилининг нуфузи ва мақомини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги маърузалари билан иштирок этди.
Бугун 8 миллиарддан ошган дунё аҳолиси 6 мингдан ортиқ тилда гаплашади. Бу тилларнинг бор-йўғи юзга яқини давлат тили мақомига эга. Улар орасида давлат тили сифатида ўзбек тилининг ҳам борлиги, албатта, тилимизнинг нуфузини кўрсатади.
Бироқ, бугунги глобаллашув жараёнида, ахборот технологиялари тараққиёти даврида она тилимизнинг софлигини сақлаб қолиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Айнан шунинг учун ҳам она тилимизни миллий бойлик сифатида асраб-авайлаб, уни келгуси авлодларга етказиш масаласи жуда муҳим жараёндир.
“Негаки тил орқали миллатнинг маънавияти, маданияти, бебаҳо қадриятлари намоён бўлади. Шунинг учун тилимизнинг софлигини асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир”- дея таъкидлади доцент Ойбиби Искандарова.