18 январm куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ вакиллари иштирокида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳасини мувофиқлаштириш бўйича қўшма Лойиҳа идорасининг очилиши бўлиб ўтди.
Офиснинг мақсади лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштиришдан иборат.
Бугунги кунга қадар “Қирғизистон темир йўли” МК” давлат корхонаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича барча зарур дастлабки чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хитой темир йўл қурилиш корпорациясининг Биринчи лойиҳа-қидирув институти лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш устида ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Қирғизистон Республикаси Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси ўртасида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича уч томонлама англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.