Бугун, 2 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” мулоқоти биринчи йиғилишида уч мамлакатнинг ташқи сиёсат, савдо, иқтисодиёт ва транспорт масалалари бўйича масъул вазирликлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ушбу мулоқотнинг таъсис этилиши халқаро муносабат ва глобал иқтисодиётда рўй бераётган жараённи ҳисобга олганда ҳар қачонгидан долзарб эканини қайд этди.
Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия давлатлари раҳбарлари ўртасида ўрнатилган мулоқот, юқори даражадаги ишонч ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш тамойилига асосланган муносабатни ривожлантиришда ҳал қилувчи омил бўлаётгани таъкидланди.
Минтақавий ва халқаро сиёсат, савдо, иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт соҳаларидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масаласи бутун анжуман давомида муҳокама марказида турди.
Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан товар айланмаси етти баробар, Туркия билан эса икки ярим баробар кўпайган. Ушбу ижобий анъана изчил давом этишига ишонч билдирилди.
– Озарбайжон ва Туркия билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича эришилган кўрсаткич ҳали мавжуд салоҳиятга мос эмас, – деди В.Норов. – Бинобарин, ўзаро манфаатли шериклик имкониятидан тўлиқ фойдаланиш учун барча шароит муҳайё.
“Боку – Тбилиси – Карс” темир йўли транзит салоҳиятидан фойдаланиш мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга экани якдил маъқулланди.
Қайд этилганидек, яқиндагина пойтахтимизда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда “Толибон” ҳаракати вакиллари “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш Афғонистоннинг барқарорлигини таъминлашга ёрдам беришини эътироф этди.
– Мазкур лойиҳа амалга ошса, Марказий Осиё орқали бир неча йирик минтақа ўртасида юк ташиш муддати ва нархи сезиларли даражада камаяди, – дея сўзини давом эттирди республикатимиз ташқи сиёсат идораси етакчиси. – Мамлакатларимиз умумий аҳолиси, қарийб, 1,9 миллиард, ялпи ички маҳсулоти 3,5 триллион доллар бўлган Жанубий Осиё бозорига тўғридан-тўғри кириб бориш имкони пайдо бўлади.
Йиғилишда Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Озарбайжон томони умумий қараш ва ўзаро ҳурматга асосланган бундай минтақавий платформани қўллаб-қувватлаши ва фаол илгари суришини билдирди.
– Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги муштарак тарих ва маданият билан чамбарчас боғлиқ, – деди Ж.Байрамов. – Айни ҳолат уч томонлама стратегик алоқани янада ривожлантиради.
Бу жараёнда ёшларимизни умумий тарихий мерос билан таништириш, қолаверса, Тошкент, Боку ва Анқара ўртасидаги маданий-гуманитар алоқани мустаҳкамлаш учун туркум саёҳат дастурларини ишлаб чиқиш ва тезроқ амалга ошириш зарур.
Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, ўз навбатида, Осиё ва Европа улкан савдо-сотиқ майдони эканига эътибор қаратиб, давлатларимиз ушбу тижорат оқими марказида туриши кераклигини таъкидлади.
– Ўрта йўлак ва Каспий денгизи орқали ўтадиган транзит йўллари иқтисодий самарадорлиги ва хавфсизлиги билан ажралиб туради, – деди қардош Туркия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари. – Қадимий ва жуда муҳим савдо чизиғи – Ипак йўлининг қайта тикланиши туркий дунёни янада жипслаштиради.
Учрашувда турли йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклиф, ташаббуслар ишлаб чиқилди.
Йиғилиш якунида Тошкент декларацияси қабул қилинди.