Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов ва Қирғизистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Эркин Асрандиев ўртасида видеоконференция шаклида музокара бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги инвестиция, савдо ва транспорт-логистика соҳаларида шерикликни кенгайтириш истиқболи кўриб чиқилди, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг аниқ мақсадлари белгиланди.
Инвестиция шериклигини фаоллаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича келгусидаги чоралар тўғрисида конструктив фикр алмашилиши натижасида томонлар Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга оширишни бошлашга келишиб олдилар.
Томонлар савдо айланмаси ўсиши суръатининг ижобий динамикасини қайд этдилар: сўнгги уч йилда савдо айланмаси қарийб беш баравар ўсиб, 2019 йилда 818,4 миллион долларни ташкил этди. Айни йўналишда яқин орада ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун пандемиянинг салбий таъсирини бартараф этиш бўйича биргаликда чоралар кўриш тўғрисида келишувга эришилди.
Шунингдек, музокаралар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Транспорт соҳасида ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йил якунлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 10,7 фоизга ўсиб, 1,47 миллион тоннани, автомобиль юк ташиш ҳажми эса 38,2 фоизга ўсиб, 1,49 миллион тоннани ташкил этгани қайд этилди. Томонлар юк ташишга сарфланадиган вақтнинг сезиларли даражада камайишига ва ташувчиларнинг транспорт харажатларини оптималлаштиришга имкон яратган “Андижон – Ўш – Иркештом – Қашғар” участкасида автотранспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” йўлаги бўйлаб мультимодаль юк ташишлари ишга туширилганини мамнуният билан таъкидладилар.
Ушбу йўналишдаги мавжуд салоҳиятни ҳисобга олган ҳолда, чегара назорат пунктларидаги йўлларнинг ўтказиш имкониятларини кенгайтириш ва йўловчилар, транспорт воситалари ҳамда юклар транзити учун шароитни яхшилаш, жумладан, божхона, санитария, транспорт ва чегара назорати жараёнини рақамлаштириш орқали биргаликда чоралар кўриш истиқболи қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, комбинациялашган юк ташишни ташкил этиш мақсадида қўшма логистика хаблари яратиш имконияти муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари даражасида инвестиция, савдо, транспорт-логистика ҳамкорлиги масалаларини тезкор равишда келишиш бўйича механизмлар жорий этиш тўғрисида келишувга эришилди. Бу белгиланган йўналишлар доирасидаги ўзаро амалий фаолият самарадорлигини оширади.