Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги жамоаси ҳамдардлик билдиради

Чоп этиш Саҳифани улашиш
02.08.2021 5646 Yangiliklar

 

Ўзбекистон автомобиль транспорти тизими оғир жудоликка учради. Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар Уюшмаси раиси - Шоваҳобов Шоолим Шомансурович шу йил 30 июль куни вафот этди.

Шоолим Шомансурович 1952 йил 8 февралда Тошкент шаҳрида туғилди. 1975 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтини тамомлаб, ўз фаолиятини Автомобиль йўлларини қуриш ва ундан фойдаланиш вазирлигида бошлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўзбекистон халқаро автомобиль ташувчилар уюшмасида фаолият кўрсатиб, ўзининг бор билим ва салоҳиятини автомобиль транспорти ривожига бағишлади.

Унинг соҳани ривожлантиришга, миллий автомобиль ташувчилар манфаатларини ҳимоя қилишга, Ўзбекистоннинг транзит ва транспорт салоҳиятини юксалтиришга доимий интилиши соҳа вакиллари томонидан юксак баҳоланиб, эътироф этилди.

Шоолим Шомансурович эл-юрт олдидаги ҳалол меҳнатлари ва хизматлари учун 1996 йилда “Фахрий автотранспортчи” ва 2019 йилда I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил”, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” ва “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонлари билан муносиб тақдирланди.

Шоолим Шомансурович ўтган давр мобайнида автомобиль транспорти соҳасининг кўплаб тажрибали мутахассисларини тарбиялаб вояга етказишда, уларга устозлик қилиб, ўзларининг бой билим ва тажрибаларини ўргатиб келди. Талабчан раҳбар бўлиш билан биргаликда самимий ва камтарин инсон, меҳрибон оила бошлиғи сифатида ҳамкасблари ҳамда яқинлари орасида ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлди.

Транспорт вазирлиги жамоаси марҳумнинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Шоолим Шомансуровичнинг ёрқин хотираси уни билган, севган ва ҳурмат қилган кишиларнинг қалбида абадий қолади.