Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ўзбекистон – Туркманистон сиёсий маслаҳатлашувлари тўғрисида

Чоп этиш Саҳифани улашиш
21.09.2020 5953 Yangiliklar

 

2020  йилнинг 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ташқи сиёсий идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар навбатдаги раунди видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Делегацияларга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари,  Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бошчилик қилди.

Музокаралар чоғида сиёсий,  савдо-иқтисодий,  илмий-техникавий,  сув хўжалиги,  транспорт-коммуникация,  маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва алоқаларни ривожланиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек,  икки мамлакат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ва қўллаб-қувватлаши натижасида Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб,  изчил ўсиб борувчи хусусиятга эга бўлди.

Ташқи ишлар вазирлари илгари эришилган олий даражадаги келишувларнинг бажарилишини таҳлил қилдилар ва қўшма тадбирларни ўтказиш муддатлари,  шу жумладан,  Савдо-иқтисодий,  илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги раунди,  Ўзбекистон-Туркманистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш муддатлари тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқдилар.

Транспорт, транспорт-коммуникациялари ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.  Вазирлар “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон” халқаро транспорт-коммуникация йўлагини шакллантириш бўйича Ашхобод келишувини тезроқ амалга ошириш тарафдори эканликларини маълум қилдилар.

Музокараларда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар,  шунингдек,  Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор бериб,  халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари,  томонлар коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва пандемиянинг икки томонлама ҳамкорликка таъсирини камайтириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида фикр алмашдилар.