Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 декабрдаги 346-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси парвозлари хавфсизлигини таъминлаш Давлат дастури”га асосан 2021 йил 18 март куни Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиацияси авиакомпаниялари ва ташкилотлари вакиллари иштирокида “Парвозлар хавфсизлиги куни” ўтказилди.
Тадбирни “Ўзавиация” агентлиги директори Т.Улжаев очиб берди ва иштирокчиларни кун тартиби билан таништирди. Шундан сўнг Транспорт вазирлиги авиация ҳодисалари ва можароларини текшириш Бошқармасининг бош мутахассиси Н.Салихов 2020 йилда парвозлар хавфсизлигининг 2019 йилга нисбатан умумий ҳолатини тавсифлаб берди.
Шунингдек, 2020 йилда авиация ҳодисаларига олиб келган асосий омиллар санаб ўтилди. Инсон омилининг салбий таъсири билан боғлиқ авиация инцидентларининг ҳолати ва сабаблари хақида маълумот берилди. Авиация инцидентларининг такрорланиш ҳолатлари, ҳаво кемаларнинг парвозда қушларга тўқнашиши билан боғлиқ авиация инцидентларига эътибор қаратилди. Инсон омилининг салбий таъсири билан боғлиқ бўлган авиация ҳодисаларини камайтириш юзасидан кескин чоралар кўриш ва орнитология таъминоти бўйича назоратни кучайтириш юзасидан таклиф билдирилди.
Шундан сўнг, “Ўзавиация” агентлиги бўлим бошлиғи Р.Нишонов сўнгги беш йил ичида парвозлар хавфсизлиги бўйича статистик маълумотларга тўхталиб ўтди. 2020 йил якунлари асосида парвозлар хавфсизлиги ҳолатига баҳо берилиб, экипажнинг ҳаракатлари билан боғлиқ авиация ҳодисалари (инсон омилининг салбий таъсири), ҳаво кемаларининг экипажлари томонидан хатолар ва қоидабузилишларининг такрорланиш ҳолатлари муҳокама этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиацияси ташкилотлари “Uzbekistan Airways” AЖ, “Uzbekistan Airports” AЖ, “Ўзаэронавигация” маркази ва “UAT” МЧЖ вакиллари сўзга чиқишди. Улар ўз чиқишларида ташкилотларининг парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятига баҳо бердилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича тавсиялар ва таклифларини билдиришди.
“Парвозлар хавфсизлиги куни” натижаларига кўра 2021 йилда парвозлар хавфсизлигининг қониқарли даражасини сақлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.