Покистон Ислом Республикаси билан фуқаро авиацияси соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги делегациясининг Покистонга ташрифи давомида мамлакат федерал авиация вазири Ғулом Сарвар Хон билан учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновларни қайта тиклаш масаласи муҳокама этилди.
Эслатиб ўтамиз, “COVID-19” пандемиясига қадар “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси Тошкент - Лаҳор - Тошкент йўналишида ҳафтасига икки маротаба мунтазам қатновларни амалга ошириб келаётган эди.
Учрашувда парвозлар географиясини кенгайтириш ва Ўзбекистон аэропортлари жозибадорлигини ошириш мақсадида Покистон авиакомпаниялари ҳаво кемаларига аэропортларда ер усти хизматлари кўрсатишнинг асосий турлари бўйича эълон қилинган тарифларга нисбатан 30% гача табақалаштирилган чегирмалар берилиши, зиёрат туризми йўналишида бажарилаётган парвозларга эса 50 % га қадар чегирмалар берилиши, бундан ташқари Покистон авиакомпанияларига қулай бўлган слотлар тақдим этилиши маълум қилинди.
Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистон томонининг яна бир муҳим таклифи яъни, Покистон ҳаво кенглиги ҳудуди бўйлаб, бевосита Афғонистон ҳаво кенглиги ҳудудида давом этувчи янги ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш йўналишини ташкил этиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Шу билан бирга ташриф давомида Транспорт вазирлиги ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти раҳбари Дониёр Джумаев Покистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Авиация бошқармаси бош котиби Шавкат Алихон, Фуқаро авиацияси департаментининг авиация вице-маршали Муҳаммад Жамол Аршад ҳамда “PIA” авиакомпанияси вакиллари билан учрашди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар «Uzbekistan airways» ва «PIA» авиакомпаниялари ўртасида код-шер, интерлайн ва прорейт келишувларини биргаликда ишлаб чиқишни жадаллаштиришга келишиб олди.