Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Пойтахтимизда яна бир янги йўл ўтказгич қурилиши якунланмоқда

Чоп этиш Саҳифани улашиш
25.06.2020 9428 Yangiliklar

 

Сергели тумани Қипчоқ кўчасидаги “Тошкент – Ангрен” темир йўл линияси устидан ўтган транспорт ечими ҳақида

 

Пойтахтимизнинг Сергели туманида сўнгги 3-4 йилда рўй бераётган ўзгаришлар, олиб борилаётган бунёдкорликлар ушбу туманни шаҳар ичидаги шаҳарга айлантириб юбормоқда. Ўтган қисқа вақт давомида мазкур туманда барпо этилган 460 та кўп қаватли уйларнинг фойдаланишга топширилиши бу ерга 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келишига ва улар сонининг 276 минг нафардан ортишига сабаб бўлди. Бунинг натижасида, инфратузилма тармоқларига юклама ҳам ортмоқда. Шу боис бу ерда қўшимча муҳандислик объектлари, туманни шаҳарнинг марказий қисми билан боғловчи йўл ва кўприклар қурилишига катта аҳамият қаратилмоқда. Кўзланган мақсад эса аҳолига қулай транспорт тизимини яратишдан иборат. Бу ишларга “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси жамоаси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-3632-сонли “2018-2022 йилларга мўлжалланган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги кўприклар, йўл ўтказгичлар ва бошқа сунъий иншоотларни қуриш, реконуструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича Дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги  қарори ижросини таъминлаш мақсадида корхона мутахассислари томонидан Сергели туманидаги Қипчоқ кўчасининг Тошкент –  Ангрен темир йўли билан кесишмасида транспорт ечими (йўл ўтказгич) қурилиши ишлари якунига етмоқда.

Маълумки, ушбу йўналиш Сергели туманининг энг серқатнов ҳудудларидан бири бўлиб, туманнинг 2 та йирик ҳудудини бир-бирига боғлайдиган асосий транспорт йўлагидир. Бироқ, Қипчоқ кўчасидан Тошкент – Ангрен темир йўл линиясининг ўтганлиги ва узоқ йиллардан бери, айниқса, сўнгги пайтларда ушбу линиядан ҳар  куни Тошкент – Ангрен йўналиши бўйлаб кўплаб юк ва йўловчи поездларининг мунтазам қатнаши, қолаверса, эрталаб аҳолининг ишга кетаётган вақтида ҳамда ишдан қайтаётган вақтида транспорт қатнови ортган пайтда поездларнинг ўтиши муносабати билан йўлларнинг бир неча дақиқага ёпилиши автомобиль коммуникацияси ҳамда аҳолининг ҳаракатланиши учун жуда ноқулайлик туғдираётган эди. Тошкент – Андижон йўналишида йўловчи поездлари қатновининг тобора ортиб бораётгани ҳам ушбу йўналишдаги темир йўл кесишмасини янада кўпроқ ёпилишига сабаб бўлаяпти. Бу эса йиллар давомида мазкур ҳудудда йўл ўтказгич қуришни тақозо этарди. Ниҳоят 2018 йилда ушбу ҳудудда йўл ўтказгични қуриш ишларига киришилди. Дастлаб, “Кўприкқурилишлойиҳа” унитар корхонаси ҳамда “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти институти мутахассислари томонидан йўл ўтказгичнинг лойиҳалаштириш ишлари ишлаб чиқилди. Шундан сўнг “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонасининг 13-кўприкқурилиш отряди жамоаси томонидан қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилди.

Лойиҳага асосан йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 772,5 метр бўлиб, кенглиги ўртача 28 метрни ташкил этади ҳамда темир йўл линияси устидан қарийб 9 метр баландликдан ўтади. Иншоотнинг эстакада қисми узунлиги 445,3 метр, баландлиги 8,2 метр, тиргак деворларининг умумий узунлиги эса 327,2 метрдан иборат бўлди.

Бугунги кунга қадар йўл ўтказгични бунёд этишда лойиҳа режасига асосан белгиланган умумий 18 таянч устунлари ва 4 та тиргак деворлар 100 фоизга қуриб битказилди. Шунингдек, 208 та 24 метрлик ҳамда 48 та 33 метрлик оралиқ балкалар ҳам ўрнатилди. Тиргак деворлар оралиғи 22,507 минг куб қум-шағал аралашмаси билан тўлдирилган. Йўл ўтказгичнинг ўтиш қисмида оралиқ балкалар деформацион чокларини бетонлаш ишлари, 1 ва 13-устунлар оралиғидаги ўтиш қисмида гидроизоляция, ҳимоя қатлами, текисловчи қатлам ётқизиш ишлари ҳамда 1 ва 2-тиргак деворлар оралиғида 1-қатлам асфальт ётқизиш ишлари якунланди. Айни пайтда эса 3 ва 4-тиргак деворлар оралиғи қум-шағал аралашмасидан сўнг кам цементли бетон аралашмасини  ётқизиш ишлари ва 13 ҳамда 18-устунлар оралиғида гидроизоляция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунгача ушбу йўл ўтказгичнинг қарийб 90 фоизга яқин қурилиш ишлари якунланган. Фақат сўнгги асфальт ётқизиш, ёритиш чироқларини ўрнатиш ва пиёда йўлакларини пардозлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари қолди.