Жорий йилнинг 11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири И.Маҳкамов бошчилигидаги делегация Қирғизистон Республикаси Транспорт, архитектура, қурилиш ва комуникация вазири Э.Осоев бошчилигидаги делегация билан икки томонлама транспорт ва йўл соҳасидаги масалаларни муҳокама қилиш учун учрашув ўтказди.
Дастлаб томонлар Қирғизистон Республикаси ҳудудидан ўтган “Риштон - Сўх” йўналишидаги умумий узунлиги 29 км бўлган автомобиль йўлининг 8 км қисмида Қирғизистон томонидан амалга оширилган таъмирлаш ишлари билан танишди.
Ушбу йўл орқали бугунги кунда автотранспорт воситалари ҳаракати йўлга қўйилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қисқа йўл билан Қирғизистон Республикаси аҳоли яшаш пунктларига кирмаган ҳолда Сўх туманига етиб олишмоқда.
Сўх тумани аҳолиси билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида туман оқсоқоллари давлатимиз раҳбарининг саъйи-ҳаркатлари билан бу ерда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар натижасида Сўх бугун чинакам обод масканга айланиб бораётганини таъкидлаб ўтишди.
Шундан сўнг, Фарғона вилояти Риштон тумани ҳокимлигида ҳар икки мамлакат ўртасида транспорт соҳаси ва транзит йўлакларини ривожлантириш масалалари юзасидан музокаралар бўлиб ўтди.
Хусусан, томонлар "Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой" темир йўлининг қурилиши масаласида ўзаро фикр алмашишди. Ҳар икки томон вакиллари ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон ва Қирғизистон манфаатларига тўлиқ мос келишини ҳамда минтақамизнинг транзит салоҳиятини юзага чиқаришини таъкидлаб ўтишди. Шу боис, ушбу муҳим лойиҳа бўйича ҳамкорликдаги саъйи-ҳаркатларни давом эттиришга келишиб олинди.
Учрашувда “Тошкент–Андижон–Ўш–Иркиштом–Қашғар” халқаро мультимодал йўналишида юк ташувлари ҳажмини ошириш орқали ушбу транспорт коридори имкониятларидан унумли фойдаланиш, ҳар икки мамлакат юк ташувчилари учун тенг имкониятлар яратиш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шунингдек, томонлар “Фарғона – Уч-Қўрғон – Дарот Қўрғон Сариташ – Иркиштом” йўналишида янги автомобиль йўлини қуриш лойиҳасини муҳокама қилишди
Учрашув сўнггида томонлар мамлакатларимиз ўртасида транспорт ва транзит соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш юзасидан ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаларни изчил давом эттиришга келишиб олди.