Ўзбекистон Республикасининг Бишкек шаҳридаги Элчихонаси маълумотига кўра, 2021 йил 13 январда қабул қилинган “Қирғиз Республикасига кириб келаётган хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан COVID-19 коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган ҳаракатлар тартиби” талабларига ўзгартиришлар киритилди.
Ушбу тартибга кўра, Қирғиз Республикаси ва чет давлатлар фуқаролари, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар коронавирус инфекцияси йўқлигини тасдиқловчи сўнгги 72 соат мобайнида (таҳлил натижаси олинган вақтдан бошлаб) ўтказилган ПЗР-тест жавобини тақдим этган ҳолдагина Қирғиз Республикасига учаётган ҳаво кемаси бортига киришига рухсат берилади.
Қирғиз Республикасига кириб келгандан сўнг Санитар-карантин шаҳобчалари ходимлари томонидан йўловчилар чегарани кесиб ўтаётганда ПЗР-тест натижаси мавжудлиги текширилади ва уларнинг тана ҳарорати ўлчанади.
Самолёт бортида йўловчиларга “Қирғиз Республикасига кириб келувчи сўровномаси” берилиб, у тўлдирилгандан сўнг Санитар-карантин шаҳобчалари ходимларига тақдим этилиши лозим.
Узрли сабаблар, шу жумладан, парвоз муддати ёки авиарейснинг кечиктирилиши туфайли ПЗР-тестнинг амал қилиш муддати (72 соат) ўтган тақдирда, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар келиш жойида (аэропортларда) ПЗР-тест топшириши лозим.
Мазкур талаблар Қирғиз Республикасига автотранспорт билан кириб келадиган фуқаролар учун ҳам амал қилади. “Қирғиз Республикасига кириб келувчи сўровномаси” мамлакат Давлат чегараси назорат-ўтиш нуқталаридан тўлдирилади.
Шу билан бирга, кўрсатилган талаблар қуйидаги тоифалар учун татбиқ этилмайди:
– Қирғиз Республикасидаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ходимлари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари (уларнинг келиши ҳақида Қирғиз Республикаси ТИВ орқали олдиндан хабар берилган бўлиши лозим);
– расмий делегасиялар аъзолари (уларнинг келиши ҳақида Қирғиз Республикаси ТИВ орқали олдиндан хабар берилган бўлиши лозим);
– халқаро юк ташувчи, халқаро мунтазам йўловчиларни, шу жумладан, мактабгача ёшдаги (7 ёшга қадар) болаларни ташувчи ҳайдовчилар;
– мамлакатдаги сайлов жараёнларини кузатиш учун таклиф қилинган халқаро кузатувчилар.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қирғиз Республикасига боришни режалаштираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига юқорида келтирилган талабларни ҳисобга олишларини сўрайди.