Бугун ижтимоий тармоқларда Самарқанд – Екатеринбург йўналишида учган самолёт парвоз вақтида фавқулодда ҳолат юз бергани тўғрисидаги маълумотлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
2022 йилнинг 28 январь куни “Уральские авиалинии” авиакомпаниясининг А320 VQ BNI ҳаво кемаси Самарқанд – Екатеринбург йўналиши бўйича SVR 2862 рейсини амалга оширган. Тошкент вақти билан 07:41 да самолёт Самарқанд аэропортидан муваффақиятли учган.
Парвоз давомида Москва вақти билан соат 10:01 да экипаж командири самолётда техник носозлик юз берганлиги ҳақида ҳаво ҳаракатини бошқариш диспетчерига авария сигналини берган. Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт кабинаси герметизациясида носозлик юзага келган.
Кольцово аэропортининг фавқулодда хизматлари самолётни қабул қилиш учун шай ҳолатга келтирилган. Бортида 159 нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлган самолёт Тошкент вақти билан соат 10:28 да Кольцово аэропортига муваффақиятли қўнган.
Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқ.
Ушбу ҳодиса бўйича Свердловск транспорт прокуратураси томонидан парвозлар хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиши юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.