Бугун, 2024 йил 11 сентябрь куни Шаҳрисабз маҳаллий аэропорти фуқаро авиациясининг парвозлари учун ўз фаолиятини тиклади. “Silk avia" авиакомпаниясининг Тошкентдан илк парвози маҳаллий вақт билан соат 13:10 да а'ропортга бориб қўнди. Парвоз вақти 1 соат 30 дақиқани ташкил этди.
Анъанага кўра, L 410 русумли самолёт сув аркаси билан, биринчи йўловчилар эса карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда кутиб олинди. Таъкидлаш жоизки, аэропортга парвозлар деярли 21 йилдан сўнг қайта йўлга қўйилган. Шаҳрисабз аэропорти 2003 йилнинг ноябрь ойида ёпилган эди.
Шаҳрисабздан 5 км жануби-ғарбда қурилган мазкур аэропорт 1983 йилда очилган. 1983 -1996 йилларда Тошкент-Шаҳрисабз йўналиши бўйича парвозлар ёз ойларида ҳафтасига 4 марта, куз-қиш мавсумида эса 3 марта амалга оширилган, шунингдек, Урганч-Шаҳрисабз йўналиши бўйича ҳам самолётлар ҳафтасига икки марта парвоз қилган. 1993-1995 йилларда Тошкент – Қарши – Шаҳрисабз йўналишида парвозлар амалга оширилган. Ҳаво қатновлари Ан-2, Ан-24, Як-40, РЖ-85 русумли самолётларда амалга оширилган.
2023 йил 25 октябрь куни Қарши шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда Шаҳрисабз аэропортида фуқаро авиацияси йўлга қўйилиши таъкидланган эди.
Айни пайтда аэропорт фуқаро авиацияси парвозларига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Узунлиги 1554 м ва эни 35 м бўлган учиш-қўниш йўлагидан, иккита самолёт ва тўртта вертолёт туриш жойига эга аэродром қуйидаги турдаги самолётларни сиғдира олади: АTR-42, АTR-72, L-410 ва барча турдаги вертолётлар. Аэропорт мажмуаси соатига 100 йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.