Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Silk Avia миллий авиакомпаниясининг биринчи самолёти Тошкентга келиб қўнди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
21.03.2023 2971 Yangiliklar

 

Бугун, 21 март куни маҳаллий вақт билан соат 08:30 да “Silk Avia” минтақавий миллий авиакомпаниясининг биринчи самолёти Тошкент халқаро аеропортига келиб қўнди. Анъанага кўра, ҳаво кемаси тантанали равишда сув аркаси, экипаж аъзолари карнай ва сурнай садолари остида гуллар билан кутиб олинди. Пойтахт аэропорти перронида биринчи бортни Uzbekistan Airports, Silk Avia компанияси вакиллари, журналистлар, блогерлар ва авиаспоттерлар кутиб олди.

 

Харид қилинган учта АТR 72-600 самолётидан биринчиси узоқ йўлни босиб ўтди. Бангкокдан Тошкентга парвознинг максимал баландлиги (7600 м) ва масофасини (1500 км) ҳисобга олга ҳолда, самолёт олтита техник тўхташ билан – Сингапур, Ҳиндистон, Уммон, Миср, Кипр ва Озарбайжон орқали учуб келди. Яқин кунларда Тошкентга яна иккита синов парвозларини амалга оширган ва экспорт сертификатларини олган самолётлар етиб келади, улар ҳам техник кўрикдан ўтиб ва тўлиқ бўялган.

 

“Авиакомпанияни яратиш жуда мураккаб ва масъулиятли жараён бўлиб, унда самолётларнинг ишончлилиги ва хавфсизлигини текширишга катта эътибор қаратилади. АТР самолётларига бўлган жуда юқори талабни ҳисобга олсак, бизга мос келадиган техник кўрсаткичлари яхши, 2019 - йилдан кейин чиқарилган ва парвоз соатлари кўп бўлмаган самолётларни топиш жуда қийин эди. Биз биринчи учта самолётимизни "Bangkok Airways" компаниясидан сотиб олдик, улар жуда яхши ҳолатда. Бугун биз учта самолётдан бирини Тошкентда тантанали равишда кутиб олмоқдамиз. Тартибга кўра, самолёт мутлақо оқ рангда, Таиланд давлат рақамлари билан етиб келди. Икки-уч кун ичида биз ҳаво кемасига ўзимизнинг “Silk Avia” либосини “кийдирамиз” ва “Ўзавиация”дан авиаоператор сертификатини олганимиздан сўнг, самолёт рўйхат рақамини олади ва илк парвозларини бошлайди”, — деди "Uzbekistan Airports" бошқаруви раиси Раъно Джураева.

 

Такидлаш жоизки, 70 кишилик АТR 72-600 дунёдаги энг машҳур қисқа масофали самолётлардан бири ҳисобланади. Airbus А320 га нисбатан тўрт баравар кам ёқилғи сарфлайдиган хавфсиз, тежамкор ва арзон самолёт йўловчиларга ҳамёнбоп нархда ишончлилик ва қулайликни тақдим этади.

 

Эслатиб ўтамиз, “Silk Avia” биринчи минтақавий лоукостер авиакомпаниясини ташкил этиш Президентнинг 2022 йил 26 октабрдаги “Республикада маҳаллий ҳаво қатновларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-412-сон қарорида назарда тутилган эди. Биринчи босқичда авиакомпаниянинг қатновлар тармоғи энг оммабоп йўналишларни ўз ичига олади: Тошкентдан Самарқанд, Бухоро ва Урганч, шунингдек, Фарғона водийси шаҳарларига рейслар очилади. Чипталар нархи 180 минг сўмдан бошланиши режалаштирилмоқда. Авиапаркнинг тўлдирилиши билан йўналишлар тармоғи ҳам кенгаяди.

 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябр ойида "Silk Avia" ва Франция-Италия концерни АТR ўртасида 2024 йилда Тошкентга етиб келадиган бешта янги АТR 72-600 самолётларини харид қилиш бўйича шартнома имзоланган эди.