Шу кунларда Бангкокда (Таиланд) биринчи ATR72-600 самолётини Silk Avia компаниясига топшириш жараёни давом этмоқда. Бу авиаташувчи томонидан Jetcraft Commercial Limited билан келишув асосида сотиб олинган учта самолётдан бири (2019 йилда ишлаб чиқарилган).
Silk Avia жамоаси самолётнинг техник ҳолати ва унинг ҳужжатларини текширишувдан ўтказди ҳамда биринчи синов парвозини амалга оширди.
Шунингдек, ҳозирги кунга келиб ҳаво кемасини техник қабул қилиш якунланди – бир ой давом этган C-check дан сўнг (ҳар 5000 парвоз соатида бажариладиган техник хизмат кўрсатиш шакли) самолёт техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома имзоланди.
Айни дамда яна бир муҳим ҳужжат – самолётни Тошкентга олиб келиш учун зарур бўлган экспорт сертификати тайёрланмоқда. Рухсатномаларни тайёрлаш билан бир қаторда самолётни Silk Avia ливреясига бўяш ишлари ҳам олиб борилади.
Шундан сўнг ҳаво кемаси доимий базаси – “Тошкент” аэропортига йўл олади, у ерда ҳам ҳаво кемаси эксплуатант сертификатини олиши лозим бўлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг биринчи минтақавий авиакомпанияси томонидан сотиб олинган иккинчи самолёт ҳам C-checkдан ўтказилиши бошланган.