Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Сингапур компанияси Ўзбекистонда контейнер терминалини ташкил этмоқчи

Чоп этиш Саҳифани улашиш
02.05.2023 2819 Yangiliklar

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Сингапур савдо ва саноат вазирлиги Америка, Европа ва Ўрта Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш департаменти бошлиғи Дениз Перейра бошчилигидаги ишчи гуруҳ вакиллари билан учрашди.


Учрашувда транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари, Сингапур сармоялари ва технологияларини жалб этган ҳолда қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

 

Дениз Перейра айни дамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан Сингапур бизнес тузилмалари ҳамда соҳавий идоралар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан, икки мамлакат транспорт вазирликлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги ҳамда Сингапурнинг “PSA International” компанияси билан транспорт соҳасида ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистон ҳудудида транспорт логистика марказларини ташкил этиш юзасидан имзоланган ҳамкорлик битимлари бунинг яққон мисоли эканлигини қайд этиб ўтди.

 

Шунингдек, учрашувда томонлар олий даражадаги давлат ташрифи доирасида икки томон ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини ҳам муҳокама этишди.


Сингапур томони жорий йилнинг 15-20 май кунлари “PSA International” компанияси вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида маълум қилди. Ташриф давомида Ўзбекистонда контейнер терминалини ташкил этиш масаласи юзасидан Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва бошқа бизнес ҳамкорлар билан музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.