Бугун эрталаб Сўхга Ўзбекистон-Қирғизистон чегара назорат-ўтказиш пункти орқали юк машиналарига йўлсозликда ишлатиладиган машина ва механизмлар ортилган навбатдаги карвон кириб келди.
Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси томонидан туманга 50 га яқин машина ва механизмлар юборилди. Бош вазир бошчилигида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида туманимиз йўлларининг аянчли аҳволи тилга олинган эди. Мана бугун бу муаммолар бартараф қилинмоқда, – дейди Сўх тумани автомобиль йўллари бўлими бош муҳандиси Нурулло Жалолов.
Туманда 26 километр 4R-149 Риштон-Сўх йўналишидаги давлат аҳамиятидаги йўллар, 62 километр узунликдаги маҳаллий автомобиль йўллари, 88 километр умумий фойдаланувдаги йўллар мавжуд. Туман ички йўлларининг умумий масофаси 385 километрни ташкил этади. Туманга юборилган машина-механизмлардан ташқари, 83 нафар мутахассислар ҳам етиб келди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 50 нафар сўхлик ёшлар ҳам туман автомобиль йўллари бўлимига ишга қабул қилинди.
Туманда 182 километр масофадаги йўлларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган. Бу йил 45 километр масофадаги йўллар таъмирланади. Барча лойиҳа-сметалар туманнинг ўзида амалга оширилади. Йўлларнинг ҳаракат қисмига асосан бетонли қоплама ётқизилади. Шағалли йўлларга бетон қопламаси ётқизилиб, тупроқли йўлларнинг шағаллаштирилиши режага киритилган.