Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни ташқи иқтисодий фаолият тизимини ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида ташқи савдо билан боғлиқ назорат тизими ва инфратузилмани яхшилаш, жумладан, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, божхона постларида назоратни амалга оширадиган божхона, санитария, карантин, ветеринария ва бошқа идоралар фаолиятини ислоҳ қилиш лозимлигини таъкидлаган эди.
Бу соҳада узоқ йиллардан буён самарали ишлар олиб борилмагани ташқи савдо амалиётларида муайян қийинчликлар туғдирмоқда. Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида “Халқаро савдо” йўналиши бўйича мамлакатимиз 190 та давлат орасида 152-ўринда қайд этилгани ҳам шундан далолат беради.
Йиғилишда мазкур рейтингда мамлакатимиз позициясини яхшилаш, жаҳон тажрибаси асосида назорат идораларининг ишини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумки, кўплаб давлатларда юклар чегарага етиб келмасидан олдин улар ҳақида ахборот берилиб, юкнинг тез чиқиб кетиши таъминланади. Ўзбекистонда эса ўтган йили 416 мингта декларациядан атиги 344 таси юк чегарага келгунча расмийлаштирилган. Юк тўғрисида олдиндан маълумот бериш автомобиль транспортида 98 фоизни ташкил этса, темир йўлда умуман йўлга қўйилмаган.
Шу боис назоратни чегарада эмас, балки юклар кириб келишидан олдин ёки мамлакат ичкарисида эркин муомалага чиқарилгандан кейин амалга ошириш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.
Бугунги кунда 1 минг 836 та турдаги товар бир вақтда учта идора томонидан текширилиши, оқибатда импорт-экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш ҳафталаб чўзилаётгани танқид қилинди.
Божхона, ветеринария, карантин, санитария, стандарт, экология идоралари иш услубини ўзгартириши, уларнинг асосий вазифаси маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Товарларнинг божхона қийматини тезкор аниқлаш имконияти бўлмаганда, тадбиркор тўлов қилиб ўша заҳоти маҳсулотини олиб кетадиган, бунга аниқлик киритилганидан кейин фарқни тўлайдиган тизим жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.
Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитасига халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда янги Божхона кодексини ишлаб чиқиш, божхона органлари ташкилий тузилмаси ва маъмурчилигини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимлари экин майдонларига чиқиб, хорижий мамлакатларнинг кимёвий ва биологик воситаларни қўллаш бўйича талабларини деҳқонларга тушунтирадиган, амалий кўмак берадиган тузилмага айланиши кераклиги қайд этилди.
Президентимиз рақамли технологияларни жорий қилиб, инсон омилини максимал қисқартириш орқали коррупция ва ноқонуний товар айланмасига барҳам бериш зарурлигини таъкидлади.
Импорт маҳсулотларининг чегарадан то якуний истеъмолчигача бўлган ҳаракати божхона ва солиқ идоралари томонидан ягона электрон тизим орқали назорат қилиниши керак. Мисол учун, божхона декларациясини электрон ҳисоб-фактура ва онлайн назорат кассасига боғлаш орқали бу масалани ҳал этиш мумкин.
Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга рухсатнома ва лаборатория текширувлари ҳужжатларини тўлиқ рақамлаштириш, автоматлаштирилган “риск-анализ” тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда юкларни чегара пунктларидан ўтказиш вақтини қисқартириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.
Таҳлилларга назар ташласак, сўнгги 3 йилда қўшни давлатлар билан чегара орқали ўтган инсонлар сони 2 бараварга, транспорт воситалари сони қарийб 3 бараварга ошган. Лекин ҳозирги инфратузилма бундай талабга тўла жавоб бермайди.
Масалан, айрим ветеринария ва карантин пунктларида зарур жиҳозлар йўқ. Чегарадаги санитария ва эпидемиология хизмати ҳам ташқи хавфларга тайёр эмас.
Юклар оқимини тақсимлаш ишлари оқилона ташкил этилмаган. Божхона хизматида постларни масофадан назорат қилиш тизими – Ситуацион марказ йўқлиги оқибатида постларда тирбандликлар пайдо бўлмоқда. Бу тадбиркорлар учун ҳам, давлат бюджети учун ҳам ортиқча харажат келтириб чиқармоқда.
Шу боис мутасаддиларга чегара постларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш, жорий йил 1 октябрга қадар Ситуацион марказни ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, чегарадош давлатлар билан юкларни “бир бекатда текшириш” тизимини йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилди.
Ташқи савдо назорати идоралари чет эллардаги ҳамкасблари билан яқиндан ишлаб, тажриба алмашиши, уларнинг текширув-синов лабораторияларини юртимизда ташкил этиб, товарларни хорижий талабларга мос рухсатномалар билан жўнатишни йўлга қўйиши кераклиги таъкидланди.
Ташқи иқтисодий фаолият жараёнларини соддалаштириш учун миллий қонунчиликни божхона, санитария-эпидемиология, транспорт, стандарт, ветеринария, карантин йўналишидаги халқаро келишувларга уйғунлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Божхона институтида ўқитиш жараёни замон талабига жавоб бермаслиги қайд этилиб, унинг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, ветеринария ва карантин ходимларини халқаро андозалар асосида қайта тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди. Халқаро божхона ташкилоти билан эришилган келишувга мувофиқ кадрлар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларга тўхталиб ўтилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.
Манба: ЎзА