Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Темирйўлчилар касб байрами катта тантана билан нишонланмоқда

Чоп этиш Саҳифани улашиш
04.08.2023 3684 Yangiliklar

Бугун пойтахтимиздаги Темирйўлчилар маданият саройида Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

 

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Раматов, Транспорт вазири И.Махкамов, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи З.Нарзуллаев, раис ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари, “Фахрий темирйўлчи” кўкрак нишони соҳиблари, Тошкент шаҳридаги темир йўл корхоналари ишчи-ходимлари, фахрий темирйўлчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

 

Байрам тадбирининг расмий очилиш маросимида А. Раматов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

 

“Сизлар каби минглаб фидойи юртдошларимизнинг масъулиятли меҳнати туфайли мамлакатимизда замонавий инфратузилмага эга бўлган аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларини тўлиқ таъминлай оладиган яхлит темир йўл тизими барпо этилиб, республикамизнинг барча ҳудуд ва минтақаларини ишончли ва самарали боғлаб келмоқда. Ҳозирги кунда юртимиз замонавий транспорт коммуникациялари ва юксак транзит салоҳиятига эга бўлган давлат сифатида шарқ ва ғарб, жануб ва шимолни ўзаро боғлайдиган халқаро темир йўлларнинг муҳим ҳалқасига айлангани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. . . Мамлакатимиз темир йўл тизимини модернизация қилиш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этган ҳолда йирик ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янгича фикрлайдиган Ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган замонавий кадрларни тайёрлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини албатта барчамиз яхши тушунамиз. Ўтган даврда катта билим ва тажриба орттирган темир йўл соҳаси ходимлари ўзларининг мардона меҳнатлари, бунёдкорлик салоҳияти билан олдимизда турган вазифаларни муваффақиятли адо этадилар деб ишонаман”, – дейилади Президент табригида.

 

Президент табригини соҳа ходимлари катта ҳаяжон ва қувонч билан тинглашди. Маросимда Транспорт вазири И. Махкамов ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в. б. З. Нарзуллаев ҳам сўзга чиқиб, барча темирйўлчиларни касб байрами билан табриклашди.

 

Шундан сўнг байрамнинг тантанали концерт дастури бошланди. Унда халқимиз ардоғидаги таниқли санъаткорларнинг куй қўшиқлари тингланди.

 

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 август куни "Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ, ҳар йили август ойининг биринчи якшанбаси "Темир йўл транспорти ходимлари куни" сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.