Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Тошкент метрополитени Сергели йўналишини қуриш ишлари якунланмоқда

Чоп этиш Саҳифани улашиш
07.10.2020 8873 Yangiliklar

 

Сергели — Олмазор метро йўналишида рельсларни ўрнатиш ишлари тугатилиб, бекатларда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда
 
Мегаполис шаҳарлар учун транспорт коммуникация тизимини ривожлантириш орқали шаҳар аҳолисига ва ҳаракатланаётган автомобилларга қулайлик яратиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Марказий Осиёнинг энг йирик шаҳри бўлган Тошкентда ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳоли турар жойлари ҳамда транспорт инфраструктурасини ривожлантириш, янги лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган Тошкент ҳалқа метросининг биринчи босқичи бўлган “Дўстлик – Қўйлиқ” йўналиши юртимиз аҳолиси, айниқса, ушбу ҳудуд атрофидаги юртдошларимиз учун катта қулайлик бўлди. Ҳар куни соат 6:00 дан 23:00 га қадар ҳаракатланаётган метро вагонларида йўловчилар жуда кўплигини кўриб, пойтахтимизда метро транспортига талаб юқори бўлаётганига яна бир бор амин бўламиз.
 
Шаҳримизнинг катта туманларидан бири – Сергели ҳам бугун таниб бўлмас даражада ўзгариб кетмоқда. Бу ерда катта, замонавий аҳоли яшаш мавзеси пайдо бўлди. Охирги 3 йилда туманда 19 минг 522 хонадонли 460 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Намунавий кўринишдаги 26 та маҳалла гузари барпо этилди. Шу даврда 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келиб, жами аҳоли 276 минг нафардан ошди. 
 
Сергели тумани пойтахт маркази билан асосан Янги Сергели кўчаси орқали боғланган. Аҳоли сони ортиб бориши эса шундоқ ҳам кўпинча тирбанд, автобуслар тиқилинч бўладиган ушбу кўчага янада қўшимча юклама бўлади. Бу эса ушбу туманда истиқомат қилаётган аҳоли учун қулай ва хавфсиз транспорт-коммуникация тизимини янада ривожлантиришни тақозо этади. Бундай шароитда ер усти метроси жуда қўл келади.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 ноябрдаги “Тошкент метрополитени Сергели йўналишини қуриш” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган эстакада шаклидаги ер усти метросининг бунёд этилаётгани эса ушбу муаммонинг айни ечими бўлиши шубҳасиз. Бугун нафақат Сергели тумани аҳолиси, балки пойтахтимиз, шу билан бирга Республика аҳолиси ушбу йўналишдаги янги метро линиясини фойдаланишга топширилишини интизорлик билан кутмоқда.
 
Умумий қиймати 82,66 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу мега лойиҳада дастлабки қурилиш ишлари 2017 йил бошида бошланган эди. Мазкур лойиҳа “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан тайёрланган бўлиб, бунёдкорлик ишлари “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси мутахассислари томонидан бажарилмоқда.
 
Лойиҳа “Чоштепа”, “Тошкент ҳалқа йўли”, “Сергели”, “Афросиёб” ва “Қипчоқ” бекатларидан иборат. Бугунги кунда ушбу объект қурилиш ишларида 1 минг 200 га яқин мутахассислар ва ишчи-ходимлар, юздан ортиқ машина ва техникалардан фойдаланилмоқда.
 
Эътиборлиси қурувчилар томонидан ҳозиргача “Чоштепа”, “Тошкент ҳалқа йўли”, “Сергели”, “Афросиёб” ва “Қипчоқ” бекатларида асосий қурилиш ишлари якунланиб, ташқи ва ички қисмларга безак бериш ишлари амалга оширилмоқда. Шу кунгача бекатлар оралиғидаги икки йўлли пўлат изларнинг жами 12,8 километр қисмига темир йўл излари тўлиқ ётқизилди. Таъкидлаш лозимки, “Чоштепа” бекати Чилонзор йўналишидаги “Олмазор” ер ости бекати билан боғланади. Белгиланган лойиҳанинг ушбу мураккаб ечимини амалга оширишда қурувчи темирйўлчилар катта меҳнат қилишди. 
 
 
Ушбу йўналишнинг туннель қисми Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги “Олмазор” ер ости бекатига уланди. Эътиборлиси “Чоштепа” бекати янги линиянинг дастлабки эстакада шаклидаги бекати бўлади. Ундан кейин эса “Тошкент ҳалқа йўли” бекати келади. Ушбу йўналиш “Сергели”, “Афросиёб” ва “Қипчоқ” бекатлари билан якун топади. Бу бекатларда ҳам ерда асосий қурилиш ишлари тугатилиб, перронларни пардозлаш, эскалатор ўрнатиш, метро поездлари учун электр энергиясини монтаж қилиш, электр ёритиш учун коммуникация кабелларини улаш ишлари олиб борилмоқда.
 
Ўтган вақт давомида лойиҳа смета ҳужжатларида кўрсатилган 1 минг 484 дона темир-бетон балкаларнинг барчаси 100 фоизга ўрнатилди. Шунингдек, 222 дона таянч устун ригели, 223 дона таянч устуннинг сифатли ва мустаҳкам ҳолда ўрнатилиши якунига етди. Ушбу лойиҳани сифатли ва мустаҳкам барпо этиш ва йўловчилар учун замон талабларига мос шароитлар яратиш мақсадида қурилиш ва муҳандисликнинг турли йўналишларидаги тажрибали мутахассислар томонидан барпо этилаётган барча ер усти метро бекатларининг безакларида замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилиб, миллий меъморий кўринишини кўркам ҳолатга келтиришади. 
 
 
Бекатларнинг кириш, чиқиш ҳудудлари кўриниши жиҳатидан бир-бирини такрорламайди, яъни ўзига ҳос ранг-баранг меъморчилик асосида барпо этилмоқда. Айниқса, перрон қисмига ишлатилган қурилиш маҳсулотлари кўриниши, ранги ва тури бўйича бир-биридан фарқ қилади. Йўловчилар учун ҳам катта қулайликлар яратилиши кўзда тутилган. Хусусан, имконияти чекланганлар учун бекатлар платформасида хавфсиз тактил плиткалар ётқизилиши ҳамда йўловчиларнинг платформаларга кўтарилиши учун замонавий лифт ва эскалатор, хавфсизликни таъминлаш мақсадида эса бекатларга замоновий видео-кузатув ускуналари, IT русумдаги турникетлар ҳамда электр тежайдиган ёритиш чироқлари ўрнатилади. Мобиль алоқа ускуналари учун электр қувватлагичлар бўлади.
 
Қурилиш объектларига сифатли материалларнинг ўз вақтида етказилиши бунёдкорлик ишларини тез ва мустаҳкам барпо этилишига замин яратмоқда. Ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига ҳамда баландликда ишлашда хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этишига катта аҳамият қаратилмоқда. Ҳар бир мутахассис ва ходим коронавирус пандемиясидан сақланиш мақсадида санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият олиб бормоқда.
 
Сергели метро йўналишида қурилиш ишлари тўлиқ тугатилгач, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Россиянинг “Метровагонмаш” акциядорлик жамияти ўртасидаги келишувга кўра Тошкент шаҳридаги ер усти метрополитени учун ҳар бири 4 вагондан иборат метро поездлари мазкур янги йўналишда ҳаракатланади.
 
Ушбу лойиҳа якунига етгач 214 та янги иш ўрни ҳам яратилади.
 
 
 
 
Зафар МАХАМАТОВ,
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бош менежери – бош муҳандиси