Бугун, 19 февраль куни Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида «Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum» Биринчи халқаро авиация форумига старт берилди. Форумни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Элёр Ғаниев очиб берди.
“Туризм соҳасини ривожлантиришда транспорт тизимини такомиллаштириш энг муҳим шартлардан бири ҳисоблангани учун ҳам бугунги кунда Ўзбекистон Президенти бошчилигида авиация соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада, хусусан давлат бошқарув тизимини яхшилаш мақсадида Транспорт вазирлиги ташкил этилди, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК таркибий жиҳатдан бир-биридан мустақил бўлган иккита “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” компанияларига ажратилди. Шу билан бирга, халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб “Қарши”, “Нукус”, “Термиз” ҳамда “Бухоро” халқаро аэропортларида “Очиқ осмон” режими жорий қилинди. Ҳозирда мазкур аэропортларга парвозларни амалга оширишни ташкил этиш юзасидан қатор хорижий авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда”, - деди Азиз Абдуҳакимов.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш доирасида сўнгги уч йилда республикамизга қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 15 тадан 23 тага етди.
Ўтган давр мобайнида “ИрАэро”, “FlyDubai” “Zagros Airlines” каби авиакомпанияларининг мамлакатга янги йўналишларда доимий қатновлари йўлга қўйилди, “Zhejang Loong Airlines Co.Ltd.” ва “Atlasglobal” авиакомпанияларининг чартер рейслари очилди.
Тадбирда шунингдек Транспорт вазири Элёр Ғаниев ҳам сўзга чиқиб, сайёҳлар оқимини ошириш ва бунда транспорт тизимини такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
“Aэропортларнинг ҳолатини яхшилаш учун бир қатор йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропортида янги йўловчи терминали ва учиш-қўниш йўлагини қуриш натижасида аэропортнинг ўтказувчанлик қобилияти соатига 500 нафар йўловчидан 1500 нафарга кўтарилади. Германиялик мутахассислар иштирокида Тошкент аэропортининг ўтказувчанлик ҳолатини оптималлаштириш ва реконструкция қилиш натижасида йўловчиларга хизмат кўрсатиш қобилияти йилига 4 миллиондан 7 миллионга ортади. “Термиз” халқаро аэропортида янги учиш-қўниш йўлагини қуриш, “Андижон”аэропортини реконструкция қилиш натижасида барча турдаги ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш имкони яратилади, амалга оширилаётган қатновлар сонининг 2-3 бараварга ортишига олиб келади”, - деди Транспорт вазири.
Элёр Ғаниевнинг таъкидлашича, ушбу тадбирларни илғор халқаро тажрибага мувофиқ равишда сифатли амалга ошириш учун Жаҳон банки мутахассислари жалб қилинди, улар авиация бозорини либераллаштириш ва ушбу соҳада замонавий бошқарув усулларини жорий этишга қаратилган авиация соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этишмоқда.
2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган «Uzbekistan Airports» АЖ раиси Равшан Исмоиловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг мавжуд аэропортлари реновацияси бўйича дастур ишлаб чиқилган, бу аэропортларимизнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини амалга ошириш, инвестицияларни жалб қилиш, халқаро компаниялар билан ҳамкорликни кучайтириш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш жараёнини оптималлаштириш йўлида хизмат қилади.
“Аэропортларни ривожлантиришнинг амалий стратегиясини ишлаб чиқиш учун Германия (Airport Research Center Gmbh) ва Россия («Инновационный центр гражданской авиации» МЧЖ)дан экспертлар жалб қилинди”, - деди Равшан Исмаилов.
Таъкидлаш жоизки, Биринчи халқаро авиафорумга дунёнинг турли мамлакатларидан 180 га яқин компания вакиллари ташриф буюрган. Халқаро авиафорумга “Boing” ва “Jetcraft” (АҚШ), “Air Charter Service” (Буюк Британия), “Bombardier Business jets” (Канада), “TLD” (Ҳиндистон), “Lufthansa consulting” (Германия), “EGIS” (Франция), “ATR” (Испания), “Kuwait Airways” (Кувайт), “Air Arabia” ва “BGT Events” (БАА), “Gulf Air” (Бахрайн), “Korean Air” ва “Asiana Airlines” (Жанубий Корея), “Azerbaijan Airlines” (Озарбойжон), “Aeroflot” ва “IrAero” (Россия), “Al Masriya” (Миср), “Zagros Airlines” (Эрон), “Pegasus Airlines” ва “Turkish Airlines” (Туркия), “Mitsubishi Corporation” (Япония), “Air Astana” (Қозоғистон) ва б.