Тошкент – Хўжакент – Тошкент шаҳар атрофи йўналишида янги тезюрар электропоезд ишга туширилди. Мазкур электропоезд ушбу йўналишда ҳар бир тарафга кунига учтадан қатновни амалга оширади.
Янги электропоезд олтита вагондан иборат бўлиб, уларнинг умумий сиғими 1184 йўловчига мўлжалланган. Бу кўрсаткич аввалги поездларникидан тахминан 1,5 баробар юқори.
Поезднинг максимал тезлиги соатига 120 километргача етади, Тошкентдан Хўжакентгача бўлган йўл эса 1 соат-у 15 дақиқада босиб ўтилади.
Вагонлар кенг ички майдонга эга бўлиб, ўриндиқлар замонавий гаджетларни қувватлаш учун USB портлар билан жиҳозланган, кенг юкхоналар, шунингдек, иқлим назорати ва ҳаво тозалаш тизимлари мавжуд. Ҳаракат қобилияти чекланган йўловчилар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида эътибор қаратилиб, қулай саёҳат қилишлари учун барча зарур шароитлар яратилган.
Катталар учун йўл ҳақи 20 000 сўм, болалар учун эса 11 500 сўмни ташкил этади. Тўловни АТТО транспорт картаси ёрдамида ёки чипталарни онлайн харид қилиш орқали амалга ошириш мумкин.