Жорий йилнинг 19-21 ноябрь кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида “Трансорт ҳафталиги –2019” тадбири бўлиб ўтди. Транспорт соҳасининг энг долзарб масалаларини очиқ муҳокама қилиш ва ишбилармон доиралар вакиллари билан ўзаро фикр алмашишга қаратилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари И. Махкамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ иштирок этди.
Россия Федерацияси Транспорт вазирлиги томонидан 2006 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу тадбир доирасида “Россия транспорти” XIII Халқаро форуми ва кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
“Транспорт ҳафталиги-2019” доирасида МДҲнинг транспорт бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашининг 39-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда МДҲга аъзо давлатларнинг транспорт вазирлари ва транспорт бошқармалари раҳбарлари, транспорт соҳасидаги ташкилотлар ва ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.
Мажлисда МДҲга аъзо давлатлар ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шу жумладан 2030 йилгача бўлган даврда МДҲга аъзо давлатлар транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари лойиҳалари муҳокама қилинди.
“Россия транспорти” халқаро форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари И.Махкамов Халқаро транспорт форуми Бош котиби Ким Ён Тэ билан музокаралар ўтказди. Томонлар Ўзбекистон Республикасининг Халқаро транспорт форумига қўшилиши масалаларини муҳокама қилишди. Музокара давомида жаноб Ким Ён Тэ ушбу масалани ечишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
"РТ-Инвест Транспортные Системы" МЧЖ раҳабрлари билан бўлиб ўтган учрашувда юк автотранспорт воситалари оғирлик ва ҳажм ўлчов назорати ва Ўзбекистон Республикаси юк автомобиллари учун “Платон” тизимини жорий этиш масалалари юзасидан музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар якунига кўра "РТ-Инвест Транспортные Системы" МЧЖ мазкур тизимларни давлат хусусий-шериклиги асосида жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига таклифларни тайёрлаш ва тақдим этиш юзасидан қарор қабул қилинди.
Россия Федерацияси транспорт вазирининг ўринбосари Н.Ю.Захряпин билан бўлган учрашувда эса МДҲнинг транспорт бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаши доирасида транспорт соҳасида ҳамкорликни ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.