Бугун, Транспорт вазири Илҳом Махкамов Тошкент давлат транспорт университети талабаси, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти, Президент ҳамда Беруний номли давлат стипендиялари соҳибаси Камола Ирисқулова билан учрашди.
Бугунги кунда мамлакатимиз транспорт тизимида 132 мингдан зиёд ходим фаолият юритади. Шундан 33 мингдан ортиғини эса ёшлар ташкил этади. Учрашувда Илҳом Махкамов юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун яратилаётган шароитларга алоҳида тўхтатилиб ўтди.
Айнан мамлакатимиз транспорт тизимининг равнақи ва келажаги ҳам бевосита Камола Ирисқулова сингари иқтидорли ҳамда салоҳиятли ёш ўғил-қизларимиз қўлида эканлигини таъкидлади вазир.
Жорий йилнинг 14 февраль куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқот давомида Камола Ирисқуловага юксак ишонч билдириб, автомобиль йўллари соҳасини ривожлантириш йўналишидаги илмий фаолиятига муваффақият тилаган эди.
Транспорт вазирининг тегишли буйруғи билан 2025 йил 18 февралдан Ирисқулова Камола Нормат қизи Вазирнинг йўл хўжалиги соҳасида илмий ишлар ва инновациялар бўйича ёрдамчиси лавозимига тайинланди.
Тайинловга қадар К.Ирисқулова Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти бош илмий ходим лавозимида фаолият юритган.