Бугун, Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Литва Республикаси транспорт ва коммуникация вазири ўринбосари Юлиус Скачкаускас бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.
Учрашувда транспорт ва логистика соҳасида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Хусусан, фуқаро авиацияси соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш орқали мамлакатлар ўртасида мунтазам йўловчи ва юк ташувларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, автомобиль транспортида ва темир йўллари орқали халқаро юк ташувларини ривожлантириш бунда Литва портлари ва логистика марказлари имкониятларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ жиҳатлар кўриб чиқилди.
Учрашув давомида Литва портлари имкониятлари, хусусан, Клайпеда порти инфратузилмаси у ерда яратилган шароитлар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Томонлар мамлакатларимиз ўртасида транспорт ва логистика йўналишида ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш учун барча шароитлар мавжудлигини, имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Учрашувда муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.