Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт вазири иштирокида “вазир ва ёшлар“ учрашуви бўлиб ўтди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
17.12.2020 5769 Yangiliklar

 

Кадрлар салоҳиятини ошириш,  ёшларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш,  уларнинг янги ғоя ва иқтидорини қўллаб-қувватлаш айни кун талаблари билан ҳамоҳангдир.

Тошкент давлат транспорт университетида Транспорт вазири в.б. Илҳомжон Маҳкамовнинг ёш мутахассислар ва олимлар,  магистрлар билан учрашуви шундай эзгу мақсадларга қаратилди.

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган учрашув доирасида Транспорт вазири ёшларга мамлакатимиз транспорт тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Тошкент давлат транспорт университет инфратузилмаси ва ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот тингланди.

Учрашувда бугунги ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг алоҳида ўрни борлиги ва соҳадаги бундай ислоҳотларда ёшларнинг ғояларини, уларнинг амалга ошираётган ишлари билан яқиндан танишиш муҳимлиги таъкидланди.

- Бугун сиз азиз ёшлар билан учрашиш мен учун катта шараф, – деди вазир в.б. Илҳомжон Маҳкамов. – Албатта сизларнинг фикрингиз, ишлаб чиқариш ва илмда эришаётган ютуқларингизни юзма-юз туриб эшитиш бизни ягона мақсадларда бирлаштиради. Бугун транспорт соҳасида қатор ишлар қилинмоқда. Бизнинг асосий мақсад соҳадаги ҳар бир ишимизда ёшларимиз фаоллигини кўриш. Бунинг учун сизлардан ўз меҳнат фаолиятингизга меҳр қўйиш, яхши ўқиш ва янги ғоялар устида тадқиқотлар олиб бориш талаб этилади. Биз, яъни вазирлик сизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.

Учрашувда Илҳомжон Маҳкамов йиғилиш иштирокчиларининг эришаётган ютуқлари ва уларнинг таклифлари билан қизиқди.

– Бугунги учрашув биз учун жуда фойдали бўлди, – деди Тошкент давлат транспорт университети "Электр таъминоти" кафедраси ассистенти Ислом Каримов. — Тадқиқотчи сифатида мавжуд муаммоларни чуқурроқ ўрганиб, масалалар юзасидан етарли ва аниқ маълумотларни олиш мураккаблигини билдирдим. Вазир бу фикрларимни қўллаб-қувватлади ва ушбу масалада кўмак беришини билдирди.

Очиқ мулоқотда ёшлар ўзларини ўйлантираётган масалалар, қизиқтираётган саволлар ва таклифлари билан ўртоқлашди.