Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда бу йўналишдаги ишларни янада аниқ ва манзилли ташкил этиш мақсадида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 9 млн нафар ўғил-қиз алоҳида эътиборга олинди.
Бу борада барча ташкилотлар қатори Транспорт вазирлигида ҳам ёшлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, улар билан индивидуал ишлашни жадаллаштириш, жамиятдан ажраб қолган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаётган, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшларни фаол ҳаётга қайтариш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Хусусан, Транспорт вазирлиги раҳбарияти ҳамда вазирликнинг ҳудудий бошқарма бошлиқларига жами 1376 нафар эътиборга муҳтож ёшлар бириктирилган бўлиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш борасида аниқ мезонлар асосида иш ташкил этилиши бошлаб юборилди.
Куни кеча Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Миробод туманларида истиқомат қилувчи ўзига бириктирилган 40 нафар ёшларнинг бир гуруҳи билан учрашди.
Учрашувда ёшлар билан яқиндан суҳбатлашиб, уларнинг истаклари ва муаммолари тингланди. Ёшлар томонидан билдирилган барча таклиф ва мулоҳазалар бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.