Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Корея Республикасига ташриф буюрди.
Ташриф давомида транспорт вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари Инчхон халқаро аэропорти инфратузилмаси бу ерда амалиётга татбиқ қилинган замонавий технологиялар, карго комплекси ва терминали иш фаолияти, Пусан денгиз порти, шунингдек, Сеул шаҳрининг транспорт инфратузилмаси ва “Ҳаракатни бошқариш маркази” иш фаолияти билан яқиндан танишиш режалаштирилган.
Бугун, ишчи гуруҳ вакиллари Инчхон халқаро аэропортига ташриф буюрди. Аэропорт президенти ва ижрочи директори Ким Кюнг Вук ҳамда Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов ўртасида бўлиб ўтган музокараларда Инчхон халқаро аэропорти тажрибаси ва замонавий технологияларини мамлакатимизнинг минтақавий аэропортларида жорий этиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида юк ташувлари ҳажмини ошириш, ҳусусан, Инчхон халқаро аэропорти имкониятларидан фойдаланган ҳолда учинчи мамлакатларга йўналтирилган транзит ташувларини кўпайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Мамлакатимиз транспорт тизимини ривожлантириш масалалари юзасидан кореялик ҳамкасблар билан тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган ташрифнинг навбатдаги кунида Пусан денгиз порти, Гимпо аэропорти фаолияти билан яқиндан танишиш режалаштирилган.