Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт вазирлиги раҳбарияти ёшлар билан учрашди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
01.02.2020 8919 Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган учрашувида ҳар бир вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳокимларга ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида вазифаларни берган эди. Ушбу вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тизимда фаолият олиб бораётган ёшлар билан учрашувлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, 31 январь куни Марказий темирйўлчилар маданият саройида Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари И. Маҳкамов бошчилигидаги мутасадди раҳбарларнинг ёшлар билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan airways” АЖ, “Uzautotrans Service” МЧЖ, ҳудудий транспорт бошқармалари ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги автомобиль йўллари қўмитасида фаолият юритувчи ёшларнинг 450 нафари иштирок этишди.

Тадбир аввалида транспорт вазирининг биринчи ўринбосари И.Маҳкамов транспорт вазирлиги томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишлар ва 2020 йилда мамлакатимиз транспорт тизимини тубдан такомиллаштириш, мазкур соҳада кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талаблари даражасига кўтариш юзасидан белгиланган стратегик мақсадларга тўхталиб ўтди.

— Айниқса бугун мамлакатимиз транспорт соҳасига рақамлаштириш ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали барча учун қулай бўлган тизимни яратиш долзарб масала, — дейди  транспорт вазирининг биринчи ўринбосари И.Маҳкамов. –  Мазкур жараёнда эса илғор фикрловчи ёшларнинг янги ғоялари муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бугун мамлакатимиз транспорт соҳасида фаолият кўрсатаётган ёш кадрлар 40 фоизни ташкил этади. Соҳани ривожлантириш йўлида транспорт вазирлиги олдига қўйилган вазифаларни амалга оширилишида эса ёшларнинг ўрни беқиёсдир.

Очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтган учрашув давомида ёшлар ўзларини ўйлантираётган масалалар, қизиқтираётган саволлар ва таклифлари билан ўртоқлашди. Хусусан, ёшлар автомобиль ва темир йўл кесишмаларида вужудга келаётган тирбандликларнинг олдини олиш, юк ва йўловчи ташувлари соҳасига тадбиркорларни янада кенгроқ жалб этиш, жойларда фаолият кўрсатиётган ёш кадрларни фаол қўллаб-қувватлаш бўйича ўз таклифларини билдиришди.