Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ташаббуси билан Тошкент давлат транспорт университетида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш ва соҳада бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳолатини муҳокама этиш, шунингдек, “Ўзбек тили байрами” кунига тайёргарлик кўришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
- Тадбирни транспорт вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилором Жалолова олиб борди.
Дилором Жалолова транспорт тизими ташкилотларининг мутасадди ходимларига ташкилотларнинг иш қоғозларидан тортиб автотранспорт объектларидаги пешлавҳалар, эълонлар ва транспорт воситаларидаги ёзувлар давлат тилида хатосиз бўлиши лозимлиги тўғрисида тушунтириб ўтди.
Шунингдек, соҳада давлат тилининг аҳамияти нақадар муҳим эканини таъкидлаб, замонавий транспорт атамаларининг ўзбекча муқобилини яратиш, уларнинг бир хил қўлланилишини таъминлаш зарурлигини айтиб ўтди.
- Жамоат транспорти хизматидан минглаб киши фойдаланишини эътиборга олиб, метрополитен станциялари ва вагонларида, республикамиз аэропортлари йўловчи терминалларида, автовокзалларда Ўзбек тили байрами арафасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти билан биргаликда Давлат тили тарғиботига бағишланган ижтимоий роликлар намойиши ташкил этилгани йиғилиш иштирокчилари эътиборига етказилди ва келгусида бу каби ишларни давом эттириш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди ва фикр алмашилди.
- Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан янгидан нашр этилган “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмаси ва “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” тақдимоти ўтказилди. Бунда, сўзга чиққанлар ушбу қўлланма ва луғат байрам арафасида улар учун энг яхши туҳфа бўлганини эътироф этиб, давлат тилида иш юритиш бўйича билим, кўникма ва малакаларини янада такомиллаштириши ҳақида сўз юритдилар.
Тадбир якунида иштирокчиларга “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмаси тарқатилди. Тошкент давлат транспорт университети кутубхонасига “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китоби совға қилинди.
Йиғилишда иштирок этиш имконияти бўлмаган ҳудудлардаги корхоналар мутасаддиларига онлайн қатнашиш имконияти яратилди.