Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспортнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш бўйича кўрилаётган чоралар

Чоп этиш Саҳифани улашиш
17.11.2024 513 Yangiliklar

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги Ўзбекистон Миллий павилёнида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP29) доирасида барқарор ривожланиш ҳамда Миллий миқёсда белгиланган ҳиссалар (ММБҲ) лойиҳасидаги мақсадларга эришишда автотранспорт соҳасида амалга оширилаётган чоралар юзасидан тақдимот ўтказилди.

 

Тақдимот давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари жамоат транспортини паст углеродли электробуслар парки билан янгилаш бўйича амалга оширилаётган чоралар, мамлакат транспорт соҳасида гендер-инклюзивликни таъминлашда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди, шунингдек, Тошкент шаҳрида яратилиши режалаштирилган алоҳида жамоат транспорт йўлаги концепцияси намойиш этилди.

 

Кўрилаётган чоралар транспорт соҳасидан атмосфера ҳавосига чиқадиган углерод ташланмаларни қисқартиришга, Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга хизмат қилиб,  миллий белгиланган ҳисса ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларига эришилишига ижобий ҳисса қўшаётганлиги алоҳида эътироф этилди.

 

Бугунги кунда шаҳарларни барқарор ривожлантиришда транспортнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Шаҳарларда транспорт учун экологик стандартларни жорий этилмаганлиги, шаҳар инфратузилмаси асосан шахсий автотранспортлар учун мослаштирилганлиги автотранспортдан тартибсиз фойдаланишга олиб келиб, атмосфера ҳавосига транспортнинг салбий таъсирини кўрсатмоқда.  

 

Хусусан, Ўзбекистонда жами СO2 ташланмаларининг ўртача 10 фоизи, Тошкент шаҳрида PM 2.5 ташланмаларининг 25 фоизи транспорт соҳасига тўғри келмоқда. Шаҳарлар ривожланар экан, унда истиқомат қиладиган доимий аҳоли сони ҳам ошиб боради. Шаҳар аҳолисининг мобилликка (ҳаракатчаликка) бўлган эҳтиёжини қондиришда паст углеродли ечимларни қўллаш долзарб масалага айланган.

 

Паст углеродли жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантириш, атмосферага салбий таъсири кам бўлган аҳолини мобиллигини сақлаш йўлидаги кам сонли ечимлардан биридир.