Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси маълумотига кўра, Туркия Ички ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудида халқаро юк ташувларини амалга ошириш учун қўшимча талаблар ўрнатилганлиги тўғрисида маълум қилди.
Хабар берилишича, халқаро юк ташишга доир мазкур ўзгаришлар хорижий ҳайдовчилар ва юк автотранспорт воситаларининг Туркия ҳудудига кириши/чиқиши ва бўлиб туришини белгилайди, бу қоида ушбу мамлакат орқали транзит билан ўтаётганларга ҳам тегишли.
Хусусан:
1. Транзит билан юк ташиётганда ҳайдовчининг соғлиғини текшириш, транспорт воситасини дезинфекциялаш, етарли миқдорда тиббий ниқоблар, санитар ҳимоя воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотига эга бўлиш, шунингдек, борадиган мамлакатига кириш учун тасдиқни (рухсат) тақдим этиш ва бошқалар талаб этилади.
2. Туркияга кирадиган ҳайдовчилардан тиббий кўрикдан ўтиш, транспорт воситасини дезинфекциялаш, бошқа одамлар билан эҳтимолий алоқа жойлари ва моторли транспорт воситаларига хизмат кўрсатиш пунктларида (доимий равишда) ниқоб тақиш, етарли миқдорда тиббий ниқоблар, санитар ҳимоя воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотига эга бўлиш, изоляция участкасида юкни транспортитовка қилишнинг тегишли тартибини таъминлаш, жумладан ҳайдовчи, трейлер, юкни (фрахта) алмаштириш, агар бунинг иложи бўлмаса, 14 кунлик карантин даври тугаганидан кейингина киришга рухсат берилади.
Юк ташувчиларнинг мамлакатда максимал бўлиш муддати ва йўналиши Туркия божхона органлари томонидан белгиланади.
Дори воситалари, тиббиёт ва бирламчи истеъмол маҳсулотларини ташувчиларга 14 кунлик карантин муддати тугамасидан Туркияга киришга рухсат берилиши мумкин, бунда юкни транспортировка қилишнинг тегишли тартибига амал қилиш, иложсиз ҳолларда зарур тиббий текширув ва ҳимоя чораларини ўтказиш талаб этилади.
3. Хорижий ҳайдовчилар Туркияни тарк этишганда юқорида қайд этилган қоидаларга риоя қилинганлиги текширилади. Қоидаларни бузган ҳайдовчиларга нисбатан жарима чоралари қўлланилади ва мамлакатга қайта кириш тақиқланади.
4. Кема бортида фақат юк машиналарини ўтказишга (Ro-Ro Travels) рухсат берилади. Маҳаллий портлар маъмурияти томонидан мақбул деб ҳисобланган транспортнинг мажбурий шартлари асосида ҳайдовчига рухсат берилган тақдирда, ташувчиларга белгиланган қоидаларга риоя қилиш мажбурийлиги тўғрисида хабар берилади. Транспорт воситалари ҳайдовчига берилишидан олдин дезинфекция қилинади.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркия ҳудуди орқали халқаро юк ташишни режалаштираётган фуқароларга Туркия томонининг ушбу қарорини инобатга олишни тавсия қилади.