Айни пайтда Тошкент шаҳрининг энг катта чорраҳаларидан бири бўлган Оҳангарон ва Паркент ҳамда Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи янги транспорт ечими қурилиши жадал давом эттирилмоқда.
Пойтахтимизнинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланиши кутилаётган ушбу объект битишини кўпчилик катта қизиқиш билан кутяпти. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор. Гап шундаки, қурилиши 2018 йилнинг май ойида бошланган мазкур лойиҳа мамлакатимиздаги дастлабки уч поғоналик транспорт ечими ҳисобланади. Яна бир эътиборли томони шуки, унинг атрофида бирорта ҳам светофорлар бўлмайди. Автомобиллар барча йўналишда тўхтовсиз ҳаракатни давом эттириши туфайли тирбандликларнинг олди олинади. Ушбу транспорт ечими “Кўприкқурилишлойиҳа” УК ҳамда “Боштранслойиҳа” АЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра Оҳангарон ва Паркент кўчалари умумий узунлиги 502 метр бўлган туннел услубидаги йўл ўтказгич билан боғланади. Туннелнинг кенглиги 26,7 метр, кўприк ости баландлиги эса 5,5 метрни ташкил этади. Лойиҳанинг иккинчи поғонасида 2 та йўл ўтказгич барпо этилиши билан умумий диаметри 329, 2 метрли халқасимон йўл ҳаракати ташкил этилмоқда. Учинчи поғонаси эса Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи умумий узунлиги 593 метр, кенглиги 26 метр бўлган йўл ўтказгичдир. Унинг 411 метри эстакада, 182 метри эса таянч деворли қисмдан иборат.
Мазкур бунёдкорлик ишлари “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидаги “Кўприкқурилиш трести” УК томонидан олиб борилмоқда. Бугунги кунгача бунёдкорлик юмушларининг 90 фоизидан ортиғи бажарилди. Бугунги кунга келиб учала поғонада ҳам бетон ётқизиш ишлари тугатилган бўлиб, ер ости ва эстакада йўналишининг икки томонига пиёдалар йўлаклари қурилди ва бордюрлар ўрнатилиб чиқилди. Айни пайтда лойиҳанинг учинчи поғонасидаги пиёдалар юрадиган йўлаклардаги бетон тўсиқларга кўркам металл конструкциялари ўрнатилиб, асфалт билан қопланмоқда. Шунингдек, электр энергияси тармоқлари ҳам тортилиб, ёритиш тизими ускуналарини ўрнатишга тайёргарлик жараёни бошлаб юборилди.
– Сўнгги уч йил давомида пойтахтда транспорт муаммоларини ечиш, автомобилларнинг мунтазам ҳаракатини ташкил этиш, янги йўналишдаги йўллар, кўприк ва йўл ўтказгичларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Кўприкқурилиш трести” УКнинг 13-сонли отряди иш бошқарувчиси Жамшид Тўлаганов. – Хусусан, айни пайтда қурилиш ишлари олиб борилаётган ушбу чорраҳада ҳам автомобиллар ҳаракати тиғиз бўлиб, ҳайдовчи ва йўловчиларга кўплаб ноқулайликлар туғдираётган эди. Айниқса, янги Махтумқули йўли қурилиб, чорраҳага қўшилиши тирбандликлар кўпайиб кетишига олиб келаётганди. Бу эса ушбу ҳудудда жаҳон талаблари даражасидаги йўл ўтказгични бунёд этилишини тақозо этарди. Мазкур йўл ўтказгич битгач, тирбандликлар олди олиниб, ўтказиш имконияти соатига 21 мингтага етади.
Ҳозирда қурилишда 100 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қилаётган бўлиб, 50 га яқин замонавий техникалар жалб этилган. Аҳамиятга молик яна бир томон, зарур темир-бетон материаллари трестга қарашли ишлаб чиқариш корхоналари (полигонлари)да тайёрланаётгани ишга унум бағишламоқда. Мутахассисларнинг айтишича, тез орада лойиҳадан ўрин олган барча қурилиш ишлари якунланиб, уч поғонали транспорт ечими фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
Манба: "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ахборот-таҳлилий медиа маркази