Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

УРГАНЧ ШАҲРИДА ЕР ОСТИ АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛИ ОЧИЛДИ

Чоп этиш Саҳифани улашиш
15.12.2021 4837 Yangiliklar

 


Бугун Урганч шаҳрининг қоқ марказида бунёд этилган замонавий ер ости автомобиль йўли фойдаланишга топширилди. Мазкур туннелнинг  узунлиги 500 метр, кенглиги 17 метрни ташкил этиб,  лойиҳа бўйича соатига 3200 та автомобилни ўтказиш қувватига эга.

Янги иншоотнинг очилиш маросимида нуронийлар, ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар. Вилоят ҳокими Фарход Эрманов  барчани ер ости йўл ўтказгичи фойдаланишга топширилиши муносабати билан табриклади.

Таъкидлаш керак, бундай ер ости автомобиль йўли Республикамиз вилоятлари ичида илк бор Хоразмда бунёд этилди. Мазкур йўл ўтказгични барпо қилишда  бош пудратчи ташкилот "Кўприкқурилиш трести" УКнинг "14-Кўприкқурилиш" отрядига қарашли 140 та махсус техника  ҳамда 1 800 нафардан зиёд малакали инженерлар, қурувчи ва   усталар фидойилик билан меҳнат қилдилар.

Маълумки, ал-Хоразмий ва Ислом Каримов кўчалари шаҳардаги энг тирбанд йўллардан бўлиб, ал-Хоразмий кўчасида суткасига ўртача 18 минг, Ислом Каримов кўчасида 14 минг дона  транспорт воситалари ҳаракатланади. Ер ости йўли қурилиши натижасида ушбу чорраҳадаги тирбандлик бартараф этилди, йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олиниб, пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланди.

Шунингдек, мазкур туннел орқали ҳар куни шаҳар ичи ва шаҳар атрофи йўналишларида қатнайдиган 200 дан ортиқ автобус ва микроавтобуслар ҳаракатланади, ушбу жамоат транспортларида ўртача 30 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилади.

Ер ости йўли қурилиши билан бирга Қирғизёп каналининг шу ҳудуддан оқиб ўтувчи қисми янгидан бетонлаштирилди,  замонавий панжаралар ўрнатилиб, ободонлаштириш ишлари бажарилди.