Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

“Uzbekistan airports” АЖ Кузатув кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
02.12.2020 6422 Yangiliklar

 

Бугун Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида “Uzbekistan airports” АЖ Кузатув кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кузатув кенгаши раиси – Транспорт вазири в.б. И.Махкамов йиғилишда Кузатув кенгаши аъзоларининг тасдиқланган янги таркиби тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 ноябрь куни Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти бошқарув органининг навбатдан ташқари йиғилишида иккита асосий тайинлов масаласи кўриб чиқилган эди. Унга мувофиқ, Азиза Умарова кузатув кенгаши аъзолари таркибига мустақил аъзо сифатида, шунингдек, Улуғбек Бектошевни бошқарув раисининг тижорат ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинлаш масаласида бошқарув органи аъзолари овоз беришган. Натижага кўра ҳар икки номзод ҳам лавозимга тасдиқланган эди.

Кузатув кенгаши йиғилишида кун тартибидан ўрин олган қатор масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди. Хусусан, Uzbekistan airports бошқарув раиси в.б.- раиснинг биринчи ўринбосари Равшан Исмаилов акциядорлик жамиятининг лойиҳалар бўйича бошқарув тизимини жорий қилиш масаласига тўхталиб ўтди. Ушбу  тизим орқали аэропортларнинг авиация ва ноавиация даромадларини ошириш ҳамда юк ташиш терминалларини янада ривожлантириш мақсадида жамият таркибида “Лойиҳалар офиси” ни ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, хорижий экспертлар билан биргаликда транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича Жаҳон банки ва “Airport Research Center” (Германия) ҳамда “Инновационный центр гражданской авиации” (Россия) компаниялари билан ҳамкорликда республикамиз аэропортларида йўловчиларга хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш, йўловчиларнинг ўтказиш қобилиятини ошириш, инфратузилма объектларини модернизация қилиш, аэропортларнинг қисқа ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилётган ишлар тўғрисида Uzbekistan airports бошқарув раисининг ўринбосари Улуғбек Бектошевнинг ҳисоботи тингланди.

Кузатув кенгашининг йиғилиши якунида кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.