«Uzbekistan Airports» АЖда акциядорлик жамияти кузатув кенгаши аъзолари иштирокида президентнинг мамлакат фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорига биноан Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортлари билан бошқарув шартномалари имзоланди.
Шу тариқа, «Uzbekistan Airports» АЖ барча аэропортларнинг ягона ижро этувчи органига айланди. Унинг асосий вазифалари - барча аэропортларни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш, улар фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва аэропортни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий оқимларни тўплаш, инфратузилма ва янги технологияларни жорий этиш.
«Ўзбекистонда аэропортларни ривожлантириш учун жуда муҳим қадам ташланди - аэропортларни ягона марказдан ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратилди», дейди «Uzbekistan Airports» бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
Ушбу қадам олдидан Молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан кенг кўламли ишлар олиб борилди. Ҳар бир аэропортнинг уставларига ўзгартиришлар киритилди, уларнинг ташкилий-функционал тузилмалари ва ходимлар штатига KPI’s асосида ишчилар иш ҳақини оширишга қаратилган меҳнатни рағбатлантириш чоралари киритилди.
«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 30 апрелдаги 5100-сонли қароридан олинган кўрсатмаларнинг муҳим бандларидан бири бажарилди. Энди, барча халқаро аэропортларнинг бошқарув компанияси сифатида «Йўл харитасини» тўлиқ амалга ошириш, аэропортларда ишларни йўлга қўйиш мумкин», деди Раъно Жўраева.