Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Uzbekistan Airways маҳаллий йўналишларда қатновлар сонини кўпайтириб, парвозлар географиясини кенгайтирмоқда

Чоп этиш Саҳифани улашиш
08.05.2021 6323 Yangiliklar

 

Карантин чеклов чоралари юмшатилиши билан “Uzbekistan Airways” АЖ республикамиз бўйлаб маҳаллий йўналишларда қатновларни босқичма-босқич тиклашни бошлади. Шунингдек, авиақатновлар сонини кўпайтириш ва ички йўналишларда ҳам парвозлар географиясини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.

Aнъанага кўра, энг оммабоп йўналишлар Тошкентдан Урганчга ва Тошкентдан Нукусга амалга оширилаётган парвозлардир. Бугунги кунда Тошкент – Урганч ҳамда Тошкент – Нукус йўналишларида авиачипта нархи 417 000 сўмдан бошланади. Юқорида кўрсатилган йўналишлар бўйича қатновлар ҳар куни бажарилади. Истиқболда Тошкент – Урганч – Тошкент йўналишида қатновлар сонини кўпайтириш режалаштириланган.

Авиакомпания бугунги кунда Тошкентдан Термиз, Бухоро, Самарқанд шаҳарларига ҳам мунтазам қатновларни амалга оширмоқда. Жорий йилнинг 14 май санасидан бошлаб эса Тошкентдан Навоийга қатновлар тикланади.

 

Ушбу йўналишлардаги авиачипталар нархи:

 

Тошкент – Термиз – 341 000 сўмдан. Қатновлар ҳафтанинг душанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилади.

Тошкент – Бухоро – 215 000 сўмдан. Қатновлар ҳафтанинг чоршанба, шанба ва якшанба кунлари бажарилади.

Тошкент – Навоий – 215 000 сўмдан. Қатновлар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.

Тошкент – Самарқанд – 114 000 сўмдан, авиақатновлар ҳафтанинг сешанба ва шанба кунлари амалга оширилади.

 

Авиакомпания пойтахт Тошкент билан Фарғона водийси шаҳарларини ҳаво қатнови орқали боғлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятига Тошкент – Фарғона, Тошкент – Наманган йўналишларида мунтазам қатновлар амалга оширилмоқда. Баъзи сабабларга кўра бундан бир неча йил олдин тўхтатиб қўйилган Тошкент – Aндижон йўналишидаги ҳаво қатнови жорий йилнинг 6 апрель санасидан қайта тикланди.

Фарғона водийси шаҳарларига авиачипта нархи ҳар бир шаҳар учун бир хил – Тошкентдан Фарғона, Наманган ва Aндижонга авиачипта нархи – 127 000 сўмдан.

Кўҳна Сурхон воҳасини Фарғона водийси билан янада яқинроқ қилиш, ички туризмни ривожлантириш, қолаверса, ишбилармон доира вакилларига қулай шароитларни яратиш мақсадида авиакомпания томонидан Термиз – Фарғона йўналишида янги қатнов йўлга қўйилди. Шуниси алоҳида эътиборга моликки, мазкур йўналиш жадвали ҳар иккала шаҳар йўловчилари учун ҳам максимал даражада қулай тузилган. Термиздан Фарғонага қатнов душанба кунлари, Фарғонадан Термизга эса пайшанба кунлари амалга оширилади.

Шунингдек, авиакомпания қатновлар жадвалига Самарқанддан республикамизнинг бошқа вилоятларига ҳам мақбул нархларда қатновлар киритилди. Йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида авиакомпания Самарқанд шаҳрида иккинчи хаб ташкил этганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бугунги кунда Самарқанддан мунтазам равишда Тошкентга бажарилаётган қатновдан ташқари, учта шаҳар Фарғона, Наманган ва Урганчга ҳам маҳаллий авиақатновлар бажарилмоқда. Aвиачипталар нархи мақбул ва ҳар уччала йўналишда ҳам бир хил – 190 000 сўмдан бошланади. Бу ўз навбатида аҳолиинг мобиллик даражаси ортиши ва юртимизда ички туризмни ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Самарқанддан авиақатновлар қуйидаги кунларда амалга оширилади:

 

Самарқанддан Наманганга – чоршанба ва шанба кунлари.

Самарқанддан Фарғонага – душанба, сешанба, жума ва якшанба кунлари.

Самарқанддан Урганчга – душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари.

 

Бундан ташқари, Фарғона водийси ва Урганч шаҳарлари ўртасида Самарқанд аэропорти орқали юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш учун қулай транзит қатновлар мавжуд. Шу билан бирга, Самарқандга бориш ва қайтиш парвозлари республика шаҳарларидан Истанбулга амалга оширилувчи қатновлар билан қулай тарзда боғлангандир. Истиқболда Россия Федерацияси шаҳарлари билан мунтазам авиақатновлар тиклангандан сўнг Москва ва Санкт-Петербургга ҳам қулай қатновлар йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, “Uzbekistan Airways” АЖ расмий сайти орқали авиачипта харид қилиб олинганда 3 фоизли чегирма амал қилади!