Ўзбекистон Республикаси билан Қатар давлатининг фуқаро авиацияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида жорий йил 6-7 апрель кунлари Тошкентда икки давлат Авиация маъмуриятлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Музокарада Қатар давлати Фуқаро авиацияси бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, “Ўзавиация” агентлиги ҳамда томонларнинг тайинланган авиакомпаниялари “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Qatar Airways” авиакомпанияси вакиллари иштирок этишди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қатар ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйиш, ҳаво қатнови тўғрисидаги иккитомонлама ҳукуматлараро битим лойиҳаси бўйича ишларни якунига етказиш, “Uzbekistan Airways” ва “Qatar Airways” авиакомпаниялари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Музокаралар якунига кўра Битим лойиҳасининг якуний матни ҳамда Uzbekistan Airways ва Qatar Airways ўртасида "Код-шер" тижорий битими асосида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, томонлар бешинчи ҳаво эркинлиги ҳуқуқини қўллаган ҳолда икки давлат ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш масалаларини ҳар томонлама муҳокама қилиш мақсадида Қатар томонининг таклифига кўра икки ой муддат ичида навбатдаги музокараларни Доха шаҳрида ўтказишга келишиб олдилар.