Жорий йилнинг 12 февраль куни Транспорт вазирлигида Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда йиғилиш ўтказилди. Унда соҳага ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши, бюджет маблағлари ижросини мониторинг қилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидландики, 2024 йилнинг 16 январь куни Президент томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлардан келиб чиқиб, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Иқтисодиёт ва молия ҳамда Транспорт вазирликлари томонидан қўшма қарор тасдиқланган. Мазкур ҳужжат асосида соҳага ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши назорат қилиб борилмоқда.
Транспорт вазирлигида бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан масофавий тарзда мониторинг ва назоратни олиб бориш бўйича “Ситуацион марказ” ташкил этилган. Мазкур марказда масофавий аудит тизими орқали харажатлар сметаси доирасида амалга ошириладиган ишларнинг доимий назоратини таъминлаш учун ишчи гуруҳи тасдиқланган.
Шунингдек, Ҳисоб палатасининг “Масофавий аудит”, “Давлат аудити” автоматлаштирилган ахборот тизимлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ”UzASBO 2” ахборот тизими ҳамда вазирликлар учун “Мониторинг Портал” махсус ахборот тизими ишлаб чиқилганлиги боис вазирлик тизим ташкилотлардаги барча молиявий операцияларни кузатиб бориш имконияти яратилган.
Йиғилишда Ҳисоб палатаси шўба мудири Н.Имонқулов Ички аудит бўлимида марказлаштирилган тартибда маълумотларни йиғиш, уларни жамлаш, таҳлил қилишда Вазирликдаги мавжуд ахборот тизимларидан фойдаланиш учун логин пароллар олиниб риск-таҳлиллари асосида ортиқча харажатлар хавфини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилганлиги натижасида, 2024 йил давомида “Масофавий аудит” ахборот тизими томонидан автоматик равишда 3 404 та 496,2 млрд сўмлик рисклар таҳлили амалга оширилганлиги юзасидан маълумотларни тақдим этди.
Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 20 январь куни “Тежамкорлик ва барқарорликни таъминлаш” тамойили асосида бюджет маблағларини тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича барча зарурий чораларни кўриш топшириғи берилганлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.
Шу нуқтаи назардан, тадбир иштирокчилари бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва мақсадсиз харажатларга йўл қўймаслик, бюджет интизомига амал қилиш ва қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича барча зарур чора-тадбирларни кўришга чақирилди.
Йиғилиш иштирокчилари томонидан давлат дастурларида белгиланган тадбирларни ўз муддатида молиялаштириш, бюджет интизомига риоя этилишини таъминлаш ҳамда харажатларни мақбуллаштириш бўйича мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.