Бугун, 18-октабр куни “Ўзбекистонда Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан “Транспорт соҳасидаги ислоҳотлар, давлат хусусий шериклик лойиҳалари ва халқаро ҳамкорлик жараёнларининг соҳадаги ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида транспорт соҳасидаги дунёнинг етакчи эксперт ва мутахассислари, хусусан, Жаҳон банкининг транспорт соҳаси бўйича эксперти Виктор Арагонес, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ДХШ масалалари бўйича консультанти Дилнавоз Кулдашева, BOEING компанияси Евроосиёда тижорат самолётлари учун стратегия ва бозорни ривожлантириш директори Марио Антонио, TAV Technologies компанияси вице-президенти Айтан Масталиева ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Хикматулла Рахметов, “Uzbekistan airports” АЖ лойиҳаларни бошқариш ва халқаро муносабатлар бўлими бошлиғи Рустамбек Жанбаев, “Uzbekistan airways” АЖ бошқарув раисининг ўринбосари Алишер Саттаров иштирокида муҳокамалар ташкил этилди.
Ҳафталик доирасида ўтказилаётган мазкур тадбирнинг мақсади Ўзбекистоннинг транспорт ва логистика тизими ривожлантириш борасида хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро тажриба ва энг яхши амалиётлар юзасидан фикр алмашиш учун мулоқот платформасини яратишдир.
Хусусан, суҳбатда халқаро экспертлар билан Ўзбекистоннинг транспорт ва логистика тизимини ривожлантириш борасидаги сўнгги ютуқлари юзасидан олинган тажрибалар ва кейинги қадамлар, жумладан транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш борасида ДХШ лойиҳалари кўпайтириш, ушбу йўналишда халқаро молия институтларининг тавсиялари юзасидан фикр алмашилди.