Парвозлар географиясини кенгайтириш ва хорижий авиакомпаниялар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича чора- тадбирларни амалга ошириш доирасида “Uzbekistan Airports” АЖ хорижий авиаташувчилар ҳаво кемаларига Ўзбекистон Республикасидаги аэропортларда ер усти хизматларини кўрсатиш тарифлари камайтирилишини маълум қилди.
Хусусан, 2020 йилнинг 1 март санасидан эътиборан барча маҳаллий аэропортларда учиб келаётган йўловчиларга хизмат кўрсатиш ставкаси бекор қилинади. Хорижий авикомпанияларнинг юк ташиш рейсларида эса юкга ишлов бериш тарифлари пасайтирилади.
Шунингдек, хорижий авиакомпанияларнинг бизнес-класс йўловчиларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Тошкент халқаро аэропортининг "Business Lounge" даги хизматларининг нархи ҳам пасайтирилди.
Ушбу чоралар халқаро авиация хизматлари бозорида республика аэропортларининг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакат аҳолиси талабларини қондириш ва юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган.
Хорижий авиакомпанияларнинг республика аэропортларида парвозларни амалга ошириш ҳаражатларини пасайтириш мамлакатимиз аҳолиси ва чет эллик сайёҳлар учун авиачипталар нархини пасайтиришга йўналтирилган. Бундан ташқари юкларни ташиш учун тарифларнинг пасайтирилиши эса мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятни янада ривожлантиришга ёрдам беради.