«TAILEV» лойиҳаси доираси Транспорт вазирлиги ходимлари Лондон шаҳрида ташкил этилган “Электр мобилликка инвестициялар кўламини ошириш” мавзусидаги халқаро семинар-тренингда иштирок этди.
GEF ва ЕТТБ томонидан ташкил этилган мазкур семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсад, электр мобилликни молиялаштириш кўламини кенгайтириш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, электрон мобилликни жорий этишда шаҳар ва давлат идораларининг роли масалаларида тўпланган энг илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда гендер жиҳатларга эътиборни қаратишдан иборат.
Семинар-тренингда Ўзбекистон, Ливан, Иордания, Арманистон, Албания каби давлатлардан ташриф буюрган иштирокчилар электробусларни харид қилиш жараёнлари, электробус хариди ва жамоат транспортини молиялаштиришда турли хил ёндашувлар, халқаро молиявий институтлар ва донор ташкилотлардан имтиёзли кредит ҳамда грантларни жалб қилиш бўйича билимларга эга бўлдилар.
Семинар доирасида Лондонда жойлашган автобус саройларидан бирига ташриф буюрилиб, сарой ва ташувчи фаолияти билан яқиндан танишилди.
Шунингдек, семинар давомида Ўзбекистоннинг электрон мобиллик соҳасида эришилган ютуқлари, мавжуд тўсиқлар, имкониятлар ва тажрибалари семинар иштирокчилари билан ўртоқлашилди. Ушбу соҳадаги Ўзбекистон тажрибаси иштирокчилар ўртасида катта қизиқиш уйғотди.