Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш масалалари депутатлар муҳокамасида

Чоп этиш Саҳифани улашиш
30.05.2023 3144 Yangiliklar

Автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар юзасидан депутатлар Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Маҳкамовнинг Қонунчилик палатасининг парламент сўровига жавобини муҳокама қилдилар.

 

Замонавий автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишда, республика транспорт салоҳиятини ривожлантиришда ва экспорт имкониятларини кенгайтиришда биринчи даражали вазифа ҳисобланади.

 

Ўтган йиллар давомида халқаро стандартларга мувофиқ йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, замонавий автомобиль йўлларини қуриш, йўл ҳаракати қулайлиги ва хавфсизлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

 

Мамлакатимизда мазкур соҳага оид муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий база яратилди ва доимий такомиллаштирилиб борилмоқда. “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонун ҳам шулар жумласидандир. Мазкур қонун билан автомобиль йўллари соҳасини бошқариш, йўлларнинг тоифалари, молиялаштириш, қуриш ва сақлаш масалалари батафсил тартибга солинди.

 

Давлатимиз раҳбарининг бир қатор Фармон ва қарорлари билан янги вазифалар ва чора-тадбирлар белгиланди. Бу эса, соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш бўйича ишларни молиялаштириш сезиларли даражада кўпайтирилди. Оҳирги 5 йил давомида республика ва маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан жами 80 531 км автомобиль йўлларини, 1 265 дона кўприклар ва йўл ўтказгичларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

 

Шу билан бир қаторда, йўл хўжалиги соҳасига халқаро молия институтлари маблағлари ҳам мувафақиятли жалб қилинмоқда. Ҳусусан, 2017-2022 йиллар давомида 880,4 млн долларлик лойиҳалар амалга оширилган ҳамда 340 км узунликдаги магистраль ва 374 км узунликдаги маҳаллий аҳамиятга эга йўллар таъмирлаб фойдаланишга топширилган.

 

Соҳада давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ҳам лойиҳалар амалга оширилмоқда.

 

Ўтган йиллар давомида автомобиль йўлларини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш билан боғлиқ масалаларга эътибор янада кучайтирилиб, тизимдаги Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти томонидан ўтган асрнинг 70–80 йилларида ишлаб чиқилган амалдаги бир қатор стандартлар қайтадан ишлаб чиқилиб, соҳага татбиқ қилинган.

 

Йўл қурилишида шаффофлик меъзонларини жорий қилиш мақсадида соҳага тегишли маълумотларни ўз ичига олган “Shaffof yoʻl” онлайн ахборот платформаси ишга туширилган. Ушбу платформада автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн харитаси ишлаб чиқилган, унда автомобиль йўли участкасида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифати ҳақида фуқаролар томонидан изоҳ қолдириш имконияти ҳам яратилган.

 

2023-2027 йиллар давомида республика бюджети маблағлари ҳисобидан жами 92 183 км автомобиль йўлларини, 1 532 та дан ортиқ кўприклар ва йўл ўтказгичларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

 

Йиғилишда депутатлар автомобиль йўллари соҳасида буюртмачи, назорат ва хўжалик функцияларини аниқ чегаралаш, соҳага хусусий пудрат корхоналарини кенг жалб қилиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, йўл қурилиш корхоналарида меҳнат унумдорлигини, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва сифатини ошириш, рақамли ечимларни жорий этиш, молиявий оқимларни мақбуллаштириш ҳамда автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига хусусий корхоналарни жалб қилиш борасида олиб борилаётган ишларни оҳирига етказиш лозимлигини таъкидладилар.

 

Мажлисда депутатлар парламент сўровига жавобда кўтарилган масалалар бўйича атрофлича маълумотлар тақдим этилганини эътироф этдилар ва вазирнинг жавобини маълумот учун қабул қилдилар.

 

Фикр ва муносабатлар:

 

 Анвархон ТЕМИРОВ, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси:

 

— Парламент сўровини юбориш қўмитамизнинг ташаббуси эди. Депутатларимиз томонидан мазкур ташаббус қўллаб-қувватланиб, жорий йилнинг 15 мартида Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинди. Парламент сўровида қуйидаги саволлар акс этган.

Хусусан,

 

йўл инфратузилмасини яхшилаш;

 

соҳага илғор хорижий стандартларни жорий этиш билан боғлиқ ҳолат;

 

соҳани замонавий кадрлар билан таъминлаш борасидаги муаммолар, уларни бартараф этиш амалга оширилаётган чора-тадбирлар;

 

“Shaffof yoʻl” онлайн ахборот платформасининг тўлиқ ишга туширилмаганлиги сабаблари.

 

Биз қўмитамизда транспорт вазирининг мазкур саволларга жавобини дастлабки тарзда кўриб чиқдик. Айтиш керакки, вазир бизнинг сўровимизга жиддий эътибор қаратди. Парламент сўровига жавоб тайёрлаш учун махсус ишчи гуруҳи ташкил этилиб, олиб борилган ишлар юзасидан чуқур таҳлиллар ўтказилгани маълум бўлди. Албатта, кўп ишлар қилинганлигини эътироф этиш керак.
Шу билан бирга, ҳали тизимда ечимини кутаётган муаммолар мавжуд бўлиб, бу ҳақда Қонунчилик палатасининг қарорида алоҳида кўрсатиб ўтилди.

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси:

 

— Парламент сўровига жавоб муҳокамаси давомида шунга амин бўлдикки, соҳада кўп ишлар қилинган. Шунга қарамасдан йўлларнинг ҳозирги кундаги ҳолатидан фойдаланувчилар тўлиқ рози эмас. Албатта, мамлакатимизда ишлаб чиқириш корхоналарининг сони кундан-кунга ошиб, логистика ривожланмоқда. Аҳолининг фаровонлик даражаси ўсиб боргани сари, шахсий транспортлар сони кўпаймоқда. Бундан ташқари, юк ташувчи техникаларнинг тури, сони ва қатнови ортаяпти. Бу эса йўл инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича ишларни янада жадаллаштиришни талаб қилади. Шунинг учун биз мажлисда масъул қўмитага бу борадаги эътибор қаратиш лозим бўлган тавсияларимизни бердик.

 

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА, Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси:

 

— Автомобиль йўллари соҳасида мутлақо янги очиқлик стандартларини жорий этиш ва шаффофликни таъминлаш, соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида  “Shaffof yo‘l” онлайн ахборот платформаси ташкил этилгани эътиборга молик.

 

Ушбу рақамли платформанинг қулайлик жиҳатлари кўп. Биринчидан, масъул ваколатли органларда фуқароларнинг йўл инфратузилмасига оид мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишда реал вақт режимида ички йўлларнинг ҳолати ҳақида маълумот олиш имкони яратилди. Иккинчидан, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн харитаси шакллантирилиб, бу ишларни олиб бориш зарурати, қисқа асосномаси, ажратилган маблағ ва унинг манбаси шаффоф кўриниб туради.

 

Депутатлар мазкур платформани тўлиқ ишга тушириш, дастурий ишланмалар билан интеграция қилиш, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга оид барча тендер савдоларини “Shaffof yoʻl” платформаси орқали ўтказиш таклифларини берди.

 

Ғайрат АБДИЕВ, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси:

 

— Парламент сўровидаги саволлардан бири соҳани замонавий кадрлар билан таъминлаш масаласи бўлиб, айни пайтда буни долзарб деб ҳисоблаймиз. Албатта, йўл инфратузилмасини яхшилаш масаласига илмий ва инновцион ёндашиш зарур.

 

Президентимизнинг тегишли Фармон ва қарорларига мувофиқ, мамлакатимизда йўл инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларга етакчи хорижий компаниялар, уларнинг мутахассислари таклиф этилаётганлиги таҳсинга сазовор. Масалан, пойтахтимиздаги Фарғона йўли кўчасини таъмирлаш ишларида қўлланилган инновацион ечим фуқароларга, йўловчи ва юк транспортларига қулайлик яратганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

 

Шундан келиб чиқиб, ушбу йўналишда замонавий кадрларни тайёрлаш мақсадида таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини таъминлаш, мутахассисларнинг хорижий давлатларда малакасини ошириш, шунингдек ўқув жараёнига замонавий технологиялар ва инновацион йўл қуришни ўргатувчи модулларни жорий этишни зарур деб ҳисоблаймиз.

 

Ислом ХУШВАҚТОВ, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси:

 

— Ўтган йилларда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбирлари амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида автомобиль йўллари четларига 5 млн. дан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилган.

 

Биз бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш, йўл учун ажратилган минтақадаги дов-дарахтларни асраш ва сақлаш, автомобиль йўлларининг хавфсизлигини таъминлаш, йўлларни таъмирлаш ва сақлаш масалалари бўйича таклиф ва тавсияларимизни бердик.

 

Баҳодир АБДУРАҲМОНОВ, Транспорт вазирлиги масъул ходими:

 

— Ҳақиқатдан ҳам депутатлар парламент сўровида жуда долзарб масалаларни кўтарган. Биз бунга парламент сўровида қўйилган масалаларни ҳудудларга чиқиб ўрганишлар жараёнида яна бир бор гувоҳ бўлдик.

 

Қайд этиш лозимки, мазкур парламент сўрови орқали йўл қурилиши тизимидаги асосий камчиликларимизни аниқлаб, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб олдик. Галдаги вазифамиз уларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш, мутасаддилар билан ишларни тизимли ташкил этиш, пировардида аҳоли ва бизнес учун қулай йўл инфратузилмасини барпо этиш ҳисобланади.

 

Биз албатта, мазкур жараёнда халқ вакиллари билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиб, кўзланган мақсадларга босқичма-босқич эришамиз.