Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Йўл ҳақи тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади

Чоп этиш Саҳифани улашиш
25.11.2019 9512 Yangiliklar

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Йўловчи ташиш транспортида йўл ҳақи учун тўловларни амалга оширишнинг автоматлашган тизимини жорий этиш”, “Фуқаро авиацияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуларида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Транспорт вазирлиги мутахассислари томонидан ОАВ вакилларига жамоат транспортида йўловчи ташиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2020-йилдан умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўл ҳақи тўловларини амалга оширишнинг автоматлашган тизими жорий этилиши бўйича маълумотлар берилди.

Бугунги кунда жамоат транспортида йўл хақи тўловлари нақд пуллар, ойлик йўл карточкалари (шу жумладан имтиёзли тарифлар бўйича ўқувчи, талаба ва пенсионерлар учун) ва жетонлар орқали амалга оширилиб келинмоқда. Шу билан бирга шаҳар жамоат транспортида бепул юриш ҳуқуқини берадиган гувоҳномалар ҳам амалда жорий этилган.

Мазкур тизим жамоат траспортида ташилган йўловчилар умумий сонини, имтиёзли тарифлар ва бепул фойдаланганлар, нақд ва жетон орқали тўловни амалга оширган йўловчилар бўйича тўлиқ шаффофликни таъминлай олмаяпти.

Жамоат транспортида йўловчиларни ташишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш, йўлкира ҳақини йиғишда шаффофликни таъминлаш, жамоат транспортида йўловчи ташиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2020 йилдан эътиборан “Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўл ҳақи тўловларини амалга оширишнинг aвтоматлашган тизими”ни жорий этиш ишлари бошланади.

Ушбу тизим доирасида жамоат транспорти учун ягона транспорт карталари, тўловни амалга ошириш имконини берадиган мобил илова ҳамда бир марталик QR чипталар жорий этилади. Мазкур карталарни савдо нуқталари, агентлик тармоқлари, метрополитен, автовокзал, темир йўл кассалари ва аэропортлардан сотиб олиш мумкин бўлади.

Шунингдек, мазкур тизимда йўлкира ҳақи учун тўловларни контактсиз банк карталари (Humo, Uzcard, Visa, Mastercard ва бошқалар) орқали амалга ошириш имконяти яратилади.

Ягона транспорт карталарининг нархи 8-9 минг сўм атрофида бўлади. (Карталар узоқ муддат ишлатишга мўлжалланган). Карталар ҳисобини банк пластик карталаридаги маблағлар, банкоматлар, киоскалар, тўлдириш терминаллари ҳамда мобил иловалар орқали амалга ошириш имконияти яратилади.

Пенсионерлар, ўқувчи-талабалар ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда жамоат транспорти хизматидан имтиёзли асосда фойдаланиш ҳуқуқига эга алоҳида фуқаролар тоифалари учун имтиёзли транспорт карталарини шахсийлаштириш ва карта таннархи бўйича сотиш давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.

Ушбу тизим орқали битта тўлов билан бир нечта транспорт ёки транспорт туридан фойдаланиш (автобус+автобус+метро) имконини берадиган, вақт ҳамда масофадан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган қулай тариф режалари жорий этилади. Бунда йўловчи белгиланган вақт ичида манзилга етиб боргунча бир нечта транспортдан фойдаланиш учун ўзига қулай тариф режаларини танлаб олиш имкониятига эга бўлади.

Жамоат транспортида йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилади. Мисол учун, Тошкент шаҳрида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ва “Тошкент метрополитени” УКнинг айрим йўналишларида кўрсатилган йўловчи ташиш хизматлари учун – 2020-йил 1-январдан бошлаб режа асосида бошланади. Нукус шаҳри ва вилоят марказларида йўловчи ташиш хизматлари учун 1-августдан, Республиканинг бошқа ҳудудларида эса 2021-йил 1-январдан жорий этиш режалаштирилган.

Тадбир давомида шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5584-сонли Фармонида кўзда тутилган ислоҳотлар доирасида амалга оширилган ишлар ҳусусида батафсил маълумот бериб ўтилди.

Тадбир сўнгида Вазирлик мутасадди ходимлари ва ОАВ вакиллари ўртасида савол-жавоб бўлиб ўтди. ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.