Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Жаҳон банкининг Ўзбекистон билан шериклиги доирасидаги янги вазифалар

Чоп этиш Саҳифани улашиш
18.05.2021 5768 Yangiliklar

 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице – президенти Анна Бьерде бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар чоғида кенг кўламли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

А.Бьерде Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг аҳамиятига юқори баҳо берди ва Жаҳон банкининг Ўзбекистон барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида мамлакат билан кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга содиқлигини билдирди. Хорижий томон Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширишда эришган муваффақиятини алоҳида таъкидлади.

Жаҳон банкининг Ўзбекистон билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Дастур учун асос сифатида мамлакат ислоҳотлар дастурининг устувор йўналишлари, жумладан, давлат корхоналари ва банклари, молия соҳаси, энергетика, уй-жой коммунал хўжалиги ва транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш, шунингдек, хусусий сектор ва кичик бизнес соҳасидаги ислоҳотлар қабул қилинади.

Инвестиция лойиҳалари ва стартапларни амалга оширишда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик истиқболлари қайд этилди.

Банк раҳбарияти “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш учун амалий кўмак беришга ва лойиҳада иштирок этиш учун бошқа халқаро молия институтларини жалб этишга тайёрлигини билдирди. Жаҳон банки томонидан, шунингдек, дала тадқиқотлари ўтказилиши молиялаштирилиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши учун техник ёрдам кўрсатилади.

Томонлар жорий йил охиригача Банк томонидан маъқулланиши мақсадида қишлоқ жойлардаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда шаҳарларни ривожлантириш ва урбанизацияга қаратилган янги лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Ҳудудларда саноат сиёсатини самарали амалга ошириш ва экспорт маҳсулотларини чет эл бозорларига илгари суришнинг янги стратегиясини ишлаб чиқишда Жаҳон банки томонидан техник ёрдам кўрсатилишига келишилди.

Учрашув якунида амалий ҳамкорлик бўйича навбатдаги тадбирлар ҳамда яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган аниқ вазифалар белгиланди.