Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги
636-сон қарорига мувофиқ Автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро, шунингдек, юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган.
Мазкур Регламент автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.
- Ушбу Регламентда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
лицензия варақаси — лицензия талаблари ва шартларига мажбурий тарзда риоя қилинган ҳолда йўловчилар ва юкларни ташишда фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситасига лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун бериладиган рухсатнома (лицензия);
тижорат асосида йўловчиларни ва юкларни ташиш — тижорат асосида, яъни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш йўли билан автотранспорт воситаларида йўловчиларни ва юкларни ташиш хизматини кўрсатиш натижасида даромад олиш.
- Тижорат асосида амалга ошириладиган йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланади. Тижорат асосида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти юридик шахслар томонидан амалга оширилади.
- Аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйган табиий офатлар, эпидемиялар, йирик авариялар оқибатларини тугатиш ҳамда Ҳукуматнинг қарорлари бўйича авария-қутқариш ва тиклаш ишлари амалга оширилиши ва мурувват юклари етказиб берилиши талаб этилиши билан боғлиқ ташишларни амалга оширишга, электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришга, аэропортдан, темир йўл вокзаллари ва автостанциялардан меҳмонхонага ва ундан қайтишга, ўз эҳтиёжлари учун юкларни технологик ташиш учун, шунингдек, туризм объектларига ўзининг ижарачиларига транспорт хизматини кўрсатиш учун ҳамда “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасида назарда тутилган ташкилотларга лицензия олиш талаб этилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
- Лицензия бериш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари (кейинги ўринларда лицензияловчи органлар деб аталади) томонидан тегишли қарорлар қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.
Бунда:
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) — йўловчиларни ва юкларни халқаро ташиш бўйича лицензиялар бериш, лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уларни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш амалга оширилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари (кейинги ўринларда Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари деб аталади) томонидан — йўловчиларни ва юкларни шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ташиш бўйича лицензиялар бериш, лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уларни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш амалга оширилади.
- Вазирликка лицензияловчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш, лицензиялаш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги лицензияларнинг йиғма реестрини юритиш, лицензияловчи органлар томонидан автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш вазифалари юкланади.
Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш ҳуқуқи учун ушбу Регламентга
1-иловага мувофиқ намунавий (оддий) лицензиялар берилади.
- Ариза берувчининг сўровномасига кўра лицензия қуйидаги фаолият турлари учун берилади:
а) йўловчиларни шаҳарда автобусларда ташиш;
б) йўловчиларни шаҳарда микроавтобусларда ташиш;
в) йўловчиларни шаҳарда енгил автомобилларда ташиш;
г) йўловчиларни шаҳар атрофида автобусларда ташиш;
д) йўловчиларни шаҳар атрофида микроавтобусларда ташиш;
э) йўловчиларни шаҳар атрофида енгил автомобилларда ташиш;
ж) йўловчиларни шаҳарлараро автобусларда ташиш;
з) йўловчиларни шаҳарлараро микроавтобусларда ташиш;
и) йўловчиларни шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш;
й) йўловчиларни халқаро автобусларда ташиш;
к) йўловчиларни халқаро микроавтобусларда ташиш;
л) йўловчиларни халқаро енгил автомобилларда ташиш;
м) юкларни автомобиль транспортида шаҳарда ва шаҳар атрофида ташиш;
н) юкларни автомобиль транспортида шаҳарлараро ташиш;
о) юкларни автомобиль транспортида халқаро ташиш.
Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юк автомобили ёки шатакчи автомобиль ҳамда хорижий давлат ҳудудида рўйхатга олинган тиркама ёки ярим тиркамадан иборат транспорт воситалари таркибидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган халқаро ташишда юк автомобили ёки шатакчи автомобилга олинган лицензия варақаси транспорт воситаларининг бутун таркиби учун амал қилади.
- Лицензиат лицензияловчи органга мурожаат қилганда бир ариза билан ушбу лицензияловчи орган томонидан бериладиган лицензия турларининг бир неча қисмини олиш ҳуқуқига эга.
Халқаро йўналишлар бўйича юкларни ташишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия варақасига эга бўлган автомобилда миллий юк ташувчилар унга мувофиқ шаҳарлараро йўналишларда юк ташишни амалга ошириш ҳуқуқига ҳам эгадир.
Юкларни автомобиль транспортида ташишда фойдаланиладиган шатакчи автомобилларга лицензия варақалари берилиши учун давлат божи тўлаш талаб этилмайди.
Шаҳарлараро йўналишлар бўйича йўловчиларни автобусларда ёки микроавтобусларда ташиш ҳуқуқини берувчи лицензия варақасига эга бўлган автотранспорт воситаларидан маҳаллий ва хорижий фуқароларни шаҳарда ва шаҳар атрофида туристик-экскурсия қилиш йўналишларида (номунтазам йўналишларда) йўловчи ташишни амалга ошириш учун қўшимча лицензия варақаси олиш талаб этилмайди.
- Лицензиянинг амал қилиш муддати чекланмайди.
- Лицензия асосида ҳар бир автотранспорт воситасига ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ лицензия варақаси берилади.
Лицензия варақасининг амал қилиш муддати ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномасининг амал қилиш муддати билан чекланади. Лицензия варақасининг амал қилиши лицензия варақаси берилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Лицензия варақалари билан таъминланмаган автомобиль транспорти воситасидан фойдаланган ҳолда тижорат асосида йўловчиларни ва юкларни ташишга йўл қўйилмайди. Ушбу ҳолатлар юзасидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилади.
- Қуйидагилар:
- ариза берувчининг сўровномасига кўра лицензияловчи орган қарорига биноан — фаолият турига лицензия;
- ариза берувчининг сўровномасига кўра автотранспорт воситаларининг ҳаракатдаги таркибига фаолият турига берилган лицензия асосида — лицензия варақалари;
- мазкур Регламентнинг 32-бандида назарда тутилган ҳолатларда қайта расмийлаштирилган ариза берувчининг сўровномасига кўра — лицензия/лицензия варақалари;
- автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси ўзгарганда, автотранспорт воситасининг юк кўтариш ёки йўловчи сиғими кўпайганда (камайганда), бир автотранспорт воситаси шу турдаги бошқа автотранспорт воситасига алмаштирилганда ушбу автотранспорт воситасидаги мавжуд лицензия варақалари асосида ариза берувчининг лицензия варақаларини қайта расмийлаштириш бўйича аризасига кўра — қайта расмийлаштирилган лицензия варақалари берилади.
Ушбу бандда белгиланган ҳар бир ҳолатда ариза берувчи (ёки лицензиат) автотранспорт воситалари мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг мулк ҳуқуқи, ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара асосида тегишлилиги тўғрисидаги маълумотлар билан бирга автотранспорт воситаларининг рўйхатини сўровномада кўрсатади.