Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари, Фуқаро авиацияси агентлиги, “Ўзтемирйўлназорат”, “Ўзйўлинспекцияси” ва Автомобиль йўллари қўмитаси ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда вазирлик ва унинг тизим ташкилотларида фаолият юритувчи департамент ва бошқарма бошлиқлари бевосита, шунингдек, ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларининг элликка яқин ходимлари видеоконфренцалоқа орқали иштирок этишди.
Тарғибот тадбирида давлат хизматини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари, Қонуннинг ишлаб чиқилиши, давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари, давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида сўз юритилди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Истиқболли кадрлар селекцияси бошқармаси бош инспектори, юридик фанлар номзоди Акмал Рахманов ва Кадрлар маъмуриятчилиги департаменти Давлат органи ва ташкилотларида кадрлар ишини мувофиқлаштириш бошқармаси бош инспектори Сарвар Умаралиев қонундаги ҳар бир боб, ундаги 64 та моддада келтирилган давлат фуқаролик хизмати ходимларининг мақоми, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, шу билан бирга мажбурият вазифалари хусусида батафсил маълумот бериб ўтди.
Мутахассислар айтиб ўтганидек, давлат фуқаролик хизмати давлат органлари ваколатларини амалга оширишни назарда тутувчи ҳақ тўланадиган касбий фаолият ҳисобланади. Тадбирда давлат фуқаролик хизматига кириш, танлов жараёнлари, ходимларга тиббий хизмат кўрсатиш, интизомий жазо тартибларни қўллаш, миллий кадрлар заҳирасини яратиш масалалари бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, тадбирда давлат фуқаролик хизматчисининг самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган билимлар, кўникмалар ва малакаларини эгаллаш мақсадида қайта тайёрлаш, малака ошириш ва мустақил таълим олиш йўналишлари бўйича ҳам маълумотлар берилди.